Главная » Yangiliklar » ​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)
​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)

​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: ​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)
  • Дата релиза: 26-07-17, 16:57
​БОРИС ҒОФУРОВ ОТАСИ БИЛАН АЛОҚАСИ УЗИЛГАНИ ВА 40 ЁШДА ОИЛА ҚУРГАНИ ҲАҚИДА(ЭКСКЛЮЗИВ)
Шундай актёрлар борки, уларни экранда кўп кўрмасак-да, ижро этган роллари билан ёдимизда сақланиб қолишади. Бахтиёр Ғафуров. Ўзбек томошабинлари уни кўпроқ Борис Ғафуров сифатида танишади. Спектакль, кино, клип ва реклама роликларидаги чиқиши билан эътиборимизни тортган ижодкор билан бугун учрашдик. Суҳбат давомида ҳаёти, ижоди ва албатта бугунги ўзбек санъатига бўлган муносабатини билишга ҳаракат қилдик...

— Ижодкор инсонларни таъсирлантириш ёки кўнглини оғритиш жуда осон. Келинг, суҳбатимизни Борис Ғафуровнинг ички олами билан танишувдан бошласак...

— Бироз қийин савол бўлди-ку... Хўш, аслида қандай инсонман, бир ўйлайчи... Ҳақиқатан, ҳиссиётларга бой ва кўнгли нозикман, тез хафа бўлиб қолишим ҳеч гапмас. Биласизми, узоқ йиллик тажрибам давомида бир нарсага амин бўлдим. Театрда ижобий маънодаги “телба”ларгина ишлаши мумкин. Негаки, инсон одатда ҳаёти давомида муаммолардан қочишга ҳаракат қилса, театрда ишлайдиганлар эса аксинча, муаммоларга ҳар куни дуч келиши мумкин. Деярли узлуксиз шу тарзда яшашга тайёр бўлганимиз учун ҳам ўзимга ўхшаганларни “санъатдан телба бўлганлар” дейман.

— Таърфилаганингиздек характерга эга инсон бўлиб яшаш қийин эмасми?

— Мен учун бу завқли жараён, десам тўғрироқ бўлади.

— Бугун сиз театрнинг бадиий раҳбари, режиссёр, актёр ва ёшларга устозсиз. Буларнинг барини бир пайтда эплаш, вақт тақсимлаш мушкул бўлмаяптими?

— Бунинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Масалан, ғоя, ўй, фикр билан банд бўла бошласам, бошқа йўналишдаги вазифалар хаёлимни чалғитаётганини сезаман. Биринчи муаммони ҳал қилиб улгурмасимдан, бошқаларининг юзага келиши ҳам одамни чалғитади. Лекин шундай бўлса ҳам жараённи тўхтатмасликка ҳаркат қиляпман.

— Нодавлат ва нотижорат театр ҳисобланган “Илҳом”ни жуда кўплар яхши билади ва тан олади. Айтингчи, хусусий театрнинг 41 йиллик тарихга эга бўлиши ва бундай узоқ фаолият юритиши сири нимада?

— Назаримда, ҳаммаси ишни тўғри ғоя билан йўналтиришга боғлиқ. Театримизнинг асосчиси, устозимиз Марк Вайль бу ижодий муҳитни шу даражада тўғри ташкил этгандики, натижада биз шу вақтгача самарали ижод қилиб келаяпмиз. Устозимиз ёнимизда йўқлигига ўн йил бўлган бўлсада, у кўрсатган йўл-йўриқлар билан, эркинлик ва тажрибадан қўрқмай, ижодий руҳни синдирмасдан ишлаяпмиз.

Тажрибали актёр сифатида бугунги ёш ижодкораларга қандай баҳо берасиз?
— Бу мавзуни икки оғиз сўз билан тушунтириб бўлмайди. Менинг давримдаги талабалар билан бугуннинг ёшлари ўртасида фарқ сезиларли даражада. Бугунги ёшларга кўпроқ эркинлик берилган. Бироқ бугун уларда тасаввур этиш сустроқ. Тан олиш керак, тасаввур оламининг торайиб бораётганига замонавий техника асри билан ҳам боғлиқ. Болалигимизда ўйинчоғимиз бўлмаса, биз уни ёғочдан ясаб олардик. Бугун эса болалар ниманики истаётган бўлса, ҳаммаси муҳайё. Ҳатто хаёлга келтириб бўлмайдиган нарсаларни сотувда кўрамиз. Бу эса тайёр нарсани қабул қилишга ўргатиб қўйди. Замонавий ҳаётнинг ана шундай ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор.

— Театр соҳасида қандай камчиликларни кўряпсиз?

— Афсуски, муаммолар етарлича. Улардан бири, бугун ўзбек театри вакум ичига тушиб қолгандек. Биз бошқа давлатнинг театрларидан узилиб қолганмиз. Дунё театрларида нима бўлаётганини билмаймиз, улардан бехабармиз. Бизга халқаро фестиваллар етишмаяпти.

— Бугуннинг машҳур актёрлари Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Лола Элтоевалар билан курсдош бўлгансиз. Орадан ўтган йилларни бугун қандай хотиралайсиз? Учрашиб турасизларми?

— Сиз айтган машҳур курсдошларим билан афсуски, кўп кўришмаймиз. Бунга бошқа-бошқа жамоа ва санъат йўналишларни танлаганимиз сабаб бўлса керак. Муҳаммадисо билан бироз вақт “Илҳом”да ишладик. Лекин кейинчалик у кинони танлади ва бугун ўзбек киносининг юзига айланган. Лола ҳақида эса жуда кўп ва хўп гапириш мумкин. Энг йирик театрларимизнинг етакчи актрисаси эканидан хурсандман. Умуман олганда, мен билан бирга ўқиган, бугун ўз иши ва ўрнига эга дўстларимни кўрсам жуда қувонаман, фахрланаман.

— Ўзбек фильмларида фаол эмассиз. Томошабин сифатида қайси миллий фильмларимизни мароқ билан томоша қилдингиз?

— Ўзим роль ижро этган “Тоға” картинасидан кейин бошқа ҳеч қайси фильмларни кўришга имкон бўлмади. Бунга мен эмас, вақт айбдор. Ишдан ортиб, маданий ҳордиққа эътибор беролмаяпман. Лекин бугунги кунда ўзбек киносида жуда кучли ва профессионал режиссёрлар борлигини ишонч билан айта оламан. Улардан Ўзбекистон халқ артисти, барчамизнинг устозимиз Шуҳрат Аббосовни алоҳида тилга олиш лозим. Бу инсонни тирик афсона дейман. Шунингдек, Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шоҳобиддиновларнинг ҳам ижодига бефарқ эмасман.Улар каби муаллифлик фильмлари билан лол қолдирадиган ҳамкасблари кўпайишини жуда истардим.

— Бугунги кун томошабини ҳақида қандай фикрдасиз?

— Томошабинлар ҳақида танқид фикрда эмасман. Улар залларни тўлдириб, ижодимизни кузатиб туришади. Бироқ баъзи бир ҳамкасбларимнинг “Бугуннинг одамлари ўзгарган, театрларни унутиб боришяпти” деган гапларини эшитганимда жаҳлим чиқади. Бугун баъзи театрларда томошабин камлигига одамлар эмас, ижодкорнинг ўзи айбдор. Кечирасиз-у, агар театр ва ижодкорлар муаммони келаётган халқдан эмас, ўзларидан қидиришганида эди, масалани ечими ҳам кўринарди. Профессионал ижодкорлар жамоаси халқ кутаётган асарни тақдим этса, одамлар келиб спектакль томоша қилишига юз фоиз ишонаман.

— Бугун театр мавсуми якунланган бўлса-да, ишдасиз. Ижодкорлар таътилга чиқмайди?

— Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, мен театрда фақатгина актёр эмасман. Спектакллар намойиши тўхтатилиб, ёзги таътилга чиқсакда, ижодни тўхтатганимиз йўқ. Театримиз ўтган мавсумда 4 та асарни саҳналаштириб халққа тақдим этди. Бу биз учун яхши натижа. Келаётган мавсумда ҳам ана шундай шижоат билан ишламоқчимиз. Бундан ташқари август ойида АҚШга боришга тайёргарлик кўряпман. У ердаги профессионал актёрлар иштирокида янги спектакль саҳналаштирамиз. Шундай экан, таътил мен учун сермаҳсул ўтади.

— Ижодий фаолиятингизга назар ташласак, 1997 йилларда Москвада ижод қилишга урунган экансиз...

— У ерда оз бўлсада, ишлагадим, машҳур режиссёр Тимур Бекмамбетовнинг бир қанча фильмларида роль ижро этдим, иккинчи режиссёр сифатида ҳам ишлаганман. Ўша пайтда анча-мунча тажрибага эга бўлгандим. Лекин Тошкентдан ва ўзимизнинг театрдан воз кечиб, ишлашим осон бўлмади. Шундан сўнг, ўз ишимга қайтишга қарор қилганман.

— 10 йил давомида футбол билан ҳам жиддий шуғуланган экансиз. Собиқ футболчи сифатида, бугунги кундаги ўзбек футболига қандай баҳо берардингиз?

— Бу спорт турига бугун ҳам қизиқишим пасаймаган. Вақтим бўлганда албатта, тўп тепаман. Ўзбек футболига келсак, бугун бу соҳага эътибор етарлича. Моддий жиҳатдан футболчиларни қўллаб-қувватлашади, тайёргарлик кўришлари учун имкониятлар яратилган. Лекин уларнинг ўйинини томоша қилганимда пухталик, аниқ ҳаракат ва бироз омад етишмаётганини кўраман. Энг муҳим ўйинларда, доим нимадир тўсқинлик қилаётгани сезилади.

— Кеч оила қурган экансиз. Умр йўлдошингизни узоқ вақт излашингизга нима сабаб бўлган?

— Энг қизиғи, мен ҳеч қачон умр йўлдош изламаганман. Мен учун иш, театр муҳимроқ бўлган. Тўғри, йигитчилик, ҳаётимда севги ва муҳаббат муҳим ўрин тутарди. Лекин кўпроқ вақтим айнан ижод билан боғлиқ бўлган. Ёшим қирққа етганда ҳаётимни бир умрга боғлашимга ишонган қизни учратиб оила қурдик. У санъат оламидан эмас. Бироқ шунга қарамай соҳамни чуқур тушуна олиши ва ишларимга тўғри баҳо беришини ҳурмат қиламан. Бугунги кунда биринчи танқидчим айнан рафиқам.

— Ўғлингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.

— Ўғлим 3 ёшда. Ҳар бир ота-она сингари, мен учун ҳам боламдан азиз ва бебаҳо инсон йўқ. Ҳали кичкина, шунинг учун келажаги ҳақида бирор нарса дейишим қийин. Лекин қайси касбни танламасин, албатта унга тиргак бўлиб, қўллаб-қувватлашим аниқ.

Ота-онаси ҳақида...

— Онам, уруш даврида Наманганга келиб қолганлар. Отам ҳайдовчи. Онам оилавий шароит ва нотинч давр сабаб атиги 4-синфни битирган. Ана шундай оддий ва ҳокисор инсонларнинг фарзандиман. Оилада 5 фарзанд бўлганмиз. Минг афсуски, онамиздан жуда эрта ажралганмиз. Ўшанда эндигина 15 ёшга тўлгандим. Онамнинг вафотидан кейин отам билан ҳам алоқаларимиз узилган. Улар бизни ташлаб бошқа оила қуриб кетганлар ва мени катта опам ўз қарамоғига олган...

Тошкентга илк қадам...

— Тошкентга келганимда бу ерда ҳеч кимни танимасдим. Кўча-куйда ётиб, кун кўрган пайтларим ҳам бўлган. Шундай кунларнинг бирида бахтли тасодиф туфайли режиссёр Ринат Бекташевни учратганман. У “Ўзингни синаб кўр, санъат институтига ҳужжат топшир” деган ва унинг таклифига кўра шунчаки уриниб кўрганман. Омадим чопиб, ўқишга ўша йилнинг ўзида қабул қилинганман. Шу тариқа бугунги кунгача санъат ҳаётимни буткул эгаллаб олган. Биласизми, ҳаётимда содир бўлган воқеаларни ўйласам, инсоннинг исми унинг тақдирига таъсир қилади деган гапда жон бор экан деб ўйлаб қоламан. Чунки Бахтиёр исмим менга доим омад олиб келган! Умримни бахтиёр яшаб ўтаяпман...

Алия Сулайманова суҳбатлашди
Manba: Darakchi.uz
Логин:
Пароль: