Главная » Ayol kasalliklari » У — ДАРДИ ПИНҲОНИМ
У — ДАРДИ ПИНҲОНИМ

У — ДАРДИ ПИНҲОНИМ

  • Категории: Ayol kasalliklari
  • Название: У — ДАРДИ ПИНҲОНИМ
  • Дата релиза: 16-02-16, 20:58
У — ДАРДИ ПИНҲОНИМ
“Ёшим 24 да. Пойтахтдан йироқ бўлмаган шаҳарда туғилиб ўсдим. Уч ўғилдан кейин туғилган қиз бўлганим боисми, анча эркароқ ўсганман. Бироқ бир дард туфайли акаларимнинг эрмак ва мазахларига нишон бўлган эдим. Гап шундаки, аҳён-аҳёнда кечаси тўшагимни ҳўллаб қўярдим. Шундай пайтларда ўзимни қўярга жой топа олмасдим, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кўринарди. Онамнинг танбеҳлари-ю акаларимнинг устимдан кулишлари “ўлганнинг устига тепган” бўлиб тушарди. Шу боисми, кўпчиликдан ўзимни олиб қочардим, одамовилик табиатимга сингиб қолди. Ота-онам мени кўп мутахассисларга олиб бориб даволатишди. Хуллас, балоғатга етгач, бу дардим деярли унут бўлиб кетди. Орадан йиллар ўтди. Мактабни, институтни тугаллаб, соҳам бўйича иш ҳам бошладим. Шу пайтгача келган совчиларга унамагандим. Ниҳоят, акамнинг қистовлари туфайли ўттизни қоралаш арафасида турган маҳалладош йигитга унаштиришди. Аммо у йигитга нисбатан мутлақо бефарқ эдим. Тўйдан олдинги учрашувларга унинг беписандларча, ҳатто тузукроқ кийинмай келишлари ҳам кўнглимни ғашларди. Тўйдан олдинги тиббий кўрикда аниқланган “Буйраклар ва пешоб йўллари яллиғланиши” ташхиси акс этган ҳужжатларни ҳам “ зора мендан айнишса”, деган фикрда бўлғуси куёвнинг қўлига тутқаздим. Ота-онасига кўрсатиши лозимлигини айтдим. Аммо қудалар парво қилишмади, онам эса мендек “қари қиз”нинг бахти очилаётганидан суюнар эди. Хуллас, қанчалик қарши бўлсамда, тўй ҳам бўлиб ўтди. Аммо олдинда мени не кўргуликлар кутаётганидан ҳали бехабар эдим. Илк оқшом. Гўшангага кириб келган, ўзини замондан анча илгарилаб кетган қилиб кўрсатаётган куёвнинг бокиралигимни бармоқлари билан бартараф этиш ниятини эшитиб даҳшатга тушдим. Шукрки, қаршиликларим боис, илк қовушиш бошқаларникидай маромида ўтди. Аммо, кейинги оқшомларда у менга бефарқ, тескари ўгирилиб ётар, аҳён- аҳёнда бўладиган яқинликда ҳам манийни вужудимга эмас, ташқарига тўкар эди. Бу ҳоллар эса мени асабийлаштирар, кўнглимга шубҳалар оралатар эди. Келинлик хизматларидан ҳориганим сабаблими ёки асабийлик туфайлими билмадим, бир неча бор тунда тагим ҳўлланиб қолди. Энди чуқур изтироблар комида қолган эдим. Шундай кунлардан бирида қайнонам онамни чақириб “касаллигимни яширганлигини” юзига солаётганлигининг устидан чиқдим. Тилим қичиб, қайнонамга ўз ўғиллари ҳам унчалик соғлом эмаслигини айтиб юбордим. Бу машъум кўргуликларимнинг муқаддимаси экан. Эртасига одатдагидек ишга кетдим, аммо ётоқхонада ҳўллаб қўйган тўшагим юмалоқланган ҳолда қолган эди. Қарангки, “меҳрибон” қайнонам, мен ишга кетгач, бир гуруҳ маҳалладош аёлларни йиғиб, далилий ашё — тўшакни кўрсатибди. Гўёки менинг шу дардим туфайли эрим ҳам мендан зада бўлиб қолган эмиш… Хуллас, бир ярим ойлик келинчаклик даврим интиҳосига етди. Уйга қайтдим, оиладагиларимнинг муомалалари салбий томонга ўзгариб қолган эди. Тагимни тез-тез ҳўллаб қўядиган бўлиб қолдим. Атрофдагиларнинг таънали нигоҳлари-ю ортимдан қўлларини бигиз қилиб, шивир-шивир қилишларидан дунё кўзимга қоронғу бўлиб кўринарди. Ўзимга ўзим ўлим тилар эдим. Ҳамма нарсанинг давоси вақт экан”. Ушбу ўринда мазкур дардли тарихга вақтинча нуқта қўяйлигу кечалари уйқуда беихтиёр тўшакни ҳўллаб қўйиш, яъни оқшомги энурез дарди ҳақида ўқувчиларга кенгроқ тушунча берайлик. Оқшомги энурез 6-18% болаларда учраши аниқланган. Одатда 2 ёшга қадар болакайларнинг таг ҳўллаб қўйишлари меъёрий ҳолат ҳисобланади. Зеро, пешоб қопчаси тўлганда кишини уйғотувчи махсус марказ бош мияда 1,5-2 ёшдан бошлаб шаклланиши аниқланган. Аниқроғи, соғлом одамнинг бош мия қобиғида уйқу пайтида ҳам пешоб қилишга эҳтиёж туғилганлигини қабул қилувчи марказ, И.П.Павлов таъбири бўйича “соқчилик шахобчаси” мавжудлиги боис, киши ҳожат қистаганда уйғонишга мажбур. Аммо айрим салбий таъсиротлар сабабли бу марказ шаклланиши кечикиши ҳам мумкин. Одатда, оқшомги энурез қизларга нисбатан ўғил болаларда кўпроқ учраши кузатилади. Айрим ҳолларда расида даврига келиб, бу дарднинг ўз-ўзидан йўқолиб кетиши ҳам аниқланган. Келинг, энди қуйида бемор болаларнинг оналари сўраган айрим саволларга жавоб берайлик. — Таг ҳўллаб қўйиш дарди пешоб-таносил аъзоларининг касаллиги ҳисобланадими ёки аксари шифокорлар таъкидлашганидек асаб-руҳий тизим хасталигими? — Бу дардни руҳий хасталиклар сафига қўшишни унчалик тўғри деб бўлмайди. Чунки аксари беморларда учрайдиган ғамбодалик, одамовилик, тортинчоқлик, асабийлик каби қатор аломатлар вужудга келишида атрофдагиларнинг таъсири ҳам салмоқли бўлади. Тўғри, гоҳида энурез церобрастения синдроми каби мия дардларининг кўриниши ҳам бўлиб вужудга келади. Бу дардни даволаш қийин кечишига ва касалликнинг оғирлашувига атрофдагиларнинг айрим ножўя ҳаракатлари ҳам жиддий таъсир қилади. Биринчидан, аксар ота-оналар тагини ҳўллаб қўйган болани танбеҳ бериш билан даволайман деб хато хатти-ҳаракатлар қилиб, унда сурункали стресс, яъни неврозга мойилликни вужудга келтиришади. Иккинчидан, бундай болакайларнинг камситилиши, яъни бир ётоқда ётувчи ака- укалари, опа-сингиллари олдида мулзам этилишининг ўзи ҳам унинг яккаланиб қолишига олиб келади. Натижада, болакай “яна тагимни ҳўл қилиб қўймасмикинман”, деган сиқиқ кайфият таъсирида ухлайди ва албатта, таг ҳўллашни давом эттиради. Учинчидан, болакайнинг кескин қўрқиб кетиши, ота-она жанжалларидан қаттиқ таъсирланиши ёхуд катталар билан бир қаторда даҳшатли филмлар кўриши кабилар ҳам энурезга сабаб бўлиши мумкин. — Умуман, энурезни келтириб чиқарадиган қандай касалликлардан огоҳ бўлиш лозим? — Энурез дардининг келиб чиқишига кўпинча қуйидаги касалликлар сабаб бўлади: — буйрак яллиғланиши дарди — ниелонефрит билан сурункали, узоқ муддат оғриш; — пешоб қопчасининг сурункали яллиғланиши — цистит дардидан ўз вақтида даволанмаслик; — болакайлар вужудини ўта нимжонлаштириб қўювчи гижжаларни пайтида йўқотмаслик ҳамда камқонлик ва авитаминоз кабилар; — томоқ, бурун, қулоқ, оғиз бўшлиғи каби аъзолардаги сурункали, ҳолдан тойдирувчи касалликлар ҳам энурезга мойиллик туғдириши мумкин. — Пешобни ушлолмаслик дардининг даволаб бўлмайдиган турлари ҳам мавжудми? — Дарҳақиқат, гоҳида пешоб тута олмаслик айрим руҳий хасталикларнинг кўриниши сифатида ҳам вужудга келиши мумкин. Зеро: бундай беморлар психиатр мутахассислар ҳисобида туришади ва айнан пешоб тута олмасликни нохуш ҳоллигини фаҳмлай ҳам олишмайди. Улар кечаси ҳам, кундузи ҳам бехосдан сийиб қўйиши, уялиш ўрнига, аксинча, истиҳоласиз завқланиши ҳам мумкин. Бундай ҳоллар шизофрения, маниакал депрессив психоз, тутқаноқ, телбалик каби дардларга хосдир. Бундай ҳолларда беморга психиатр-мутахассисгина ёрдам бера олади. Аммо тагини бехосдан ҳўллаб қўядиган руҳий соғлом беморларда сиқилиш туфайли руҳий хасталиклар пайдо бўлиши асло мумкин эмас. — Аксари пешоб тута олмайдиган беморларда невроз дарди ҳам учраши тўғрими? — Невроз асаб тизимига хос хасталик бўлиб, кескин сиқилиш, қўрқув, изтироб кабилар маҳсули бўлиши мумкин. Неврозга чалинган беморларнинг уйқуси бузилади, алғов-далғов тушлар кўришади ва қўрқув туфайли беихтиёр таг ҳўллаб қўйишади. Невроз туфайли пешоб тута олмайдиганларнинг касаллик тарихи ўрганилганда уларнинг оналари ҳомиладорлик даврида кўп хасталанганлиги, туғруқ даври қийин кечганлиги, болакай касалмандроқ ўсиб, болаликда мияси шикастланганлиги ёхуд яллиғланганлиги аниқланади. Умуман, пешоб тута олмайдиганларнинг уч турини тафовут этиш мумкин: Биринчи тур ирсий мойиллик ва миядаги салмоқли ўзгаришларнинг натижаси бўлади. Бундай дардга чалинган болалар учун уйқудан олдин ичилган суюқлик миқдорининг аҳамияти йўқ. Одатда, кам туш кўриб, ўта чуқур ухлайдиган бундай беморлар кечанинг биринчи ярмида қовуқ унча тўлмаса ҳам сийиб қўяверишади. Таги ҳўллангач ҳам уйғонмаслиги, фақат у ёнбошдан бу ёнбошга ағдарилиши кузатилади, холос. Иккинчи турга хос беморлар пешоб чиқариш йўллари ва аъзоларининг тонуси сусайганлиги боис, қовуғи тўлиб кетгандагина сийиб қўяди. Тонгга яқингина сийиб қўядиган бундай беморлар таги ҳўлланган заҳот уйғонишади. Пешоб миқдори ичилган суюқлик ҳажмига боғлиқ бўлади. Учинчи турдаги беморлардаги ҳолат қовуқ тонуси сусайиши билан боғлиқ. Бу тоифадагилар бир кечанинг ўзида 4-5 маротабалаб, ҳатто кундуз ухласа ҳам таг ҳўллаб қўйиши кузатилади. Пешоб қилгач, уйқудан уйғонса-да ўзини идора қилолмайди. Шунинг учун уйғонгандан сўнг ҳам сийишда давом этишдан ўз-ўзини тия олишмайди. Оз-оздан тез пешоб қиладиган бундай беморлар шифокор урологдангина керакли ёрдам олишлари мумкин. — Пешоб тута олмаслик дардидан батамом қутулиш учун нималарга аҳамият бериш жоиз? — Бу дарддан батамом қутилиш учун унга олиб келадиган сабабларни бартараф этиш лозим: 1. Болада буйрак, қовуқ, пешоб йўллари яллиғланиши дардларини, фимоз, пешоб қопчаси жоми ўзгариши, уруғ безлари шишиши каби хасталиклар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш лозим. 2.Ота-оналар энурезга чалинган болаларида дармондориларга муҳтожлик, камқонлик ва, айниқса, гижжалар йўқ бўлишига эришишлари лозим. Гижжаси бор болаларда озғинлик, уйқу бузилиши, иштаҳа пастлиги, босинқираб ухлаш, уйқуда тишларни ғижирлатиш, эрталаблари оғиздан сўлак оқиб юриши, кечалари орқа чиқарув тешиги соҳасининг қаттиқ қичиши каби аломатлар кузатилади. Бундай беморлар гижжалардан халос қилинса, энурезнинг ўз-ўзидан йўқолиб кетиши кузатилади. 3. Томоқ, бурун, қулоқ, оғиз бўшлиғининг сурункали касалликлари, ҳатто қуртлаган тишлар ҳам энурезга мойиллик туғдирувчи омиллардан эканлигини унутмаган ҳолда, бу дардларни бартараф этиш лозим. 4. Оиладаги ички муҳитни барқарорлаштириш, болада невроз пайдо бўлмаслигига эришиш мақсадида унга нисбатан атрофдагиларнинг муносабатини маромга солиш лозим. Бу мақсадда шифокор мутахассис — ота-она, ўқитувчи (ёхуд тарбиячи) иттифоқи изчилликда, ҳаммаслак бўлиб иш юритишлари лозим. Аниқроғи, дардманд болакай атрофдаги тенгдошларидан яккалаб қўйилмаслиги, унга асоссиз танбеҳ бераверилмаслиги, унинг ички дунёсига кириш лозим бўлади. Одатда, энурезга чалинган беморларни даволаш узоқ муддатга — бир неча ҳафтадан беш-олти ойгача чўзилиши мумкин. — Бундай беморларга психотерапевтик муолажаларнинг яхши таъсир этиши нечоғли ҳақиқатга яқин? — Муборак китобларимизда “Бир ғамбода кишининг кўнглини кўтармоқ, ҳатто нафл ибодатларидан-да афзалроқ”, эканлиги бежиз таъкидланмаган. Айниқса, тенгдошларидан яккаланиб, анча одамови бўлиб қолган бундай беморларни даволашда руҳий таъсиротларнинг ижобий аҳамиятини инкор этиб бўлмайди. Қарангки, энурез дарди она меҳрига муҳтож, алла эшитмаган меҳрибонлик уйлари болаларида кўпроқ учраши кузатилар экан. Зеро, гўдакка айтилаётган алла болакай қалбига нафақат Жаноби Ҳақни танитиш мақсадини ўз ичига олар экан, балки болалар асаб-руҳий тизимини ҳар хил салбий таъсиротлар, қўрқув кабилардан муҳофаза ҳам этар экан. Демак, беқиёс руҳий муолажа ҳисобланган аллалардан болакайларни мосуво этмаслик мақсадга мувофиқдир. Замонавий психотерапия уч босқични ўз ичига олади. I. Дастлаб беморга мутахассис шифокор гипнотик уйқу воситасида таъсир этади. II. Кейинчалик ота-она уйқу олдидан таъсир эта бошлайди. III. Ниҳоят, бемор ўз-ўзини ишонтириш, яъни аутоген чиниқиш билан шуғуллана бошлайди. Умуман, асосий даволаш усулларидан бўлган психотерапия беморни ишонтириш, чалғитиш, тушунтириш, ўз-ўзини ишонишга ўргатиш, тарбиявий тадбирлар, енгил ва чуқур гипноз қилиш кабиларни ўз ичига олади. Одатда гипноз 3-4 сеансдан 30 сеансгача ҳам ўтказилиши мумкин. Айримларга кодлаштириш, яъни мияга махсус дастурли таъсир этиш ҳам ижобий таъсир этади. Игна билан даволаш ҳам самарали усул ҳисобланади. Японларнинг Шиатсу ва хитойлик уқалаб даволовчилар фикрича, кечаси таг ҳўллаб қўйиш қовуқ жомлари мушакларининг бўшашиши билан боғлиқ. Улар буни бартараф этиш учун қуйидаги муолажаларни тавсия этишади: Бел қисм умуртқаларининг икки ёнидаги бештадан нуқтага, сўнгра қуймичдаги уч нуқтага бармоқлар билан оҳиста босилади. Сўнгра кафт билан киндик пастига, яъни қовуқ ҳудудига таъсир ўтказиш лозим. Замонавий табобат махсус ҳудудларга электростимуляция қилиш усули билан анча самарага эришмоқда. — Халқ табобатида бу касалликни қайси услублар ёрдамида самарали даволашган? — Халқ табобатидаги қуйидаги услублар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган: — Кечаси уйқуга ётиш олдидан мойчечакли (ромашка), доривор мармаракли (шалфей) ёхуд исириқли қайнатма тайёрлаб, 10-15 дақиқа давомида илиқ ванна қилиш мақсадга мувофиқ. — 1 ош қошиқ шивит (укроп) уруғини термосга солиб, устидан 1 стакан қайноқ сув солинади. 3-4 соат вақт ўтгач, ушбунинг барчасини бир пайтда истеъмол қилиш ўта самарали ҳисобланади. — Уч ош қошиқ жағ-жағ (пастушья сумка) ўтини термосга солиб, устидан 2 стакан қайноқ сув қуйилади. 3-4 соат ўтгач тайёр бўлган шифобахш дори бир кунлик маромга етади. Бир кунда 4 марта 0,5 стакандан овқатдан олдин истеъмол қилинади. — Қуритиб майдаланган 6 грамм доривор гулхайри илдизи (корень алтая лекарственного) устига 1 стакан совуқ сув қуйиб, ярим кун давомида тиндириб, иккига бўлиб истеъмол қилинади. — Бир чой қошиқ далачой (зверобой) ва тиллабош (золототысячник)ни талқон қилиб, чойдек дамлаб кунига икки уч маҳал истеъмол қилиш ҳам ўта фойдали. Қуйида таг ҳўллаб қўйиш одати фарзандида рўй берган оналарга қўл келадиган тавсияларни келтирмоқдамиз. 1. Дардманд боланинг қатъий кун тартиби: вақтида ухлаши, сайр қилиши, хоналар ҳавосини тез-тез янгилаб туриши назорат қилиниши лозим. 2. Кунига 4 маҳал овқатланишга, овқат таркибида сут маҳсулотлари, оқсилга бой таомлар, ҳўл мевалар, сабзавотлар, калийга тўйинган майиз, туршак, олхўри кабилар бўлишига эришиш керак. 3. Дастлаб энурезга олиб келадиган бошқа касалликлар: қовуқ яллиғланиши, гижжа кабилардан халос бўлиш шарт. Қуйидаги тадбирларга ҳам ҳар бир она жиддий эътибор қаратиши лозим: — Болангизга куннинг иккинчи ярмида, айниқса, кечаси суюқлик истеъмол қилишини кескин чекланг; қовун-тарвуз, сархил узум, чанқовбосди ичимликларни меъёрида истеъмол қилгани маъқул. Агар у меъёридан зиёд суюқлик ичган бўлса, яримта шўр қурут сўрдиринг. — Боланинг ака-укалари, опа-сингиллари унинг устидан кулишига имкон яратмаслик лозим. Бунинг учун уни ухлаш олдидан ўз ётоқхонангизга олиб киришингиз ва эркалаш, аллалаш усуллари каби билан психотерапия қилишингиз мумкин. Масалан, тахминан бундай: Болам, мен ўнга қадар санагунимча, (ёки алла айтиб тугатгунимча) ухлаб қоласан. Бир (ёки алла хиргойи этилиб) сен мендан бошқа нарсани эшитмаяпсан. Сен ўзингни яхши, қулай ҳис этаяпсан. Ёлғизсан, бахтиёрсан, юрагинг бир текис уряпти, чуқур-чуқур нафас олаяпсан. Қовоқларинг оғирлашаяпти, ёқимли чарчоқ сезяпсан. Икки… Хотиржамсан, мудраяпсан. Уч. Ухла, ухла, ухла, овозим элас-элас, узоқдан эшитилаяпти. Тўрт. Ухла. Беш… Туш кўраяпсан, ёқимли туш, дўстларинг билан ўйнаб юрибсан. Олти. Шу пайт сийгинг келди. Дарров ўрнингдан туриб, ҳожатхонага борасан. Сийиб келиб, қайта ётасан. Етти… Саккиз… Тўққиз, Ўн… Ухла, хаёлингда — бир фикр. Сийгим қистаса, ўрнимдан тураман. Ҳожатхонага бориб, сийиб келиб, яна ухлайман… — Энурез дардини даволашда болада ижобий рефлекс пайдо этиш муҳим аҳамиятга молик. Бунинг учун Соат (Будилник) услубини қўллаш яхши самара беради. Бола ҳар куни 900 (2100)да уйқуга ётқизилиб, соат қўнғироғи 1200 (2400) га қўйилади. Шу пайтда онаси болани мажбурлаб уйғотиб, уйқусираган ҳолда эмас, мутлақ сергак торттириб ҳожатга чиқишга ўргатади. Натижада, бир неча ойлардан сўнг болада соат 1200 га келиб ўз-ўзидан уйғониб, бўшаниб келиш одати рефлекс тарзига киради. Дейлик, шундан сўнг ҳам бола тўшагини ҳўллаб қўйса, қуйидагича тадбирни қўллаш лозим. Уйдагиларнинг барчасидан барвақтроқ уйғонган она дастлаб дардманд боласи тўшагидан хабар олади. Агар ўрин ҳўл бўлса, уни уйғотиб ҳам ўтирмасдан тўшаги ва кийимларини билинтирмасдан янгилаб қўяди. Эрталаб болалар тургач, танбеҳ бериш у ёқда турсин, атрофдагиларга ва боланинг ўзига ҳам сир бой бермайди. Умуман, оқшомги энурез дарди мутахассис шифокорлар маслаҳати билан узоқ даволаниши лозим бўлган дард ҳисобланади.

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: