Главная » Erkaklarga maslahatlar » ОЗҒИНЛИК ЯХШИМИ ЁКИ СЕМИЗЛИК?..
ОЗҒИНЛИК ЯХШИМИ ЁКИ СЕМИЗЛИК?..

ОЗҒИНЛИК ЯХШИМИ ЁКИ СЕМИЗЛИК?..

  • Категории: Erkaklarga maslahatlar
  • Название: ОЗҒИНЛИК ЯХШИМИ ЁКИ СЕМИЗЛИК?..
  • Дата релиза: 17-02-16, 20:42
ОЗҒИНЛИК ЯХШИМИ ЁКИ СЕМИЗЛИК?..
Одамнинг ўта озғинлиги аслида унчалик кўнгилли ҳолат эмас. Бундайлар ўзгаларга «эти суягига ёпишган» бўлиб кўринишади, ҳатто озғин кишининг ўзи ҳам «мен касал эмасмикинман» деган хавотирда юради. Чиндан ҳам ўта озғинлик бирорта дарднинг аломатими? Кузатишларга кўра, ориқликнинг енгил турига кўпинча узоқ вақт сифатсиз таомлар истеъмол қилиш, асабнинг доимий бузилиб туриши, таомнинг организмга яхши сингмаслиги сабаб бўлади. Озғинликнинг оғир тури тиббиётда кахексия дейилади. Бунда беморнинг гавда вазни кескин камаяди, дармони қуриб, кўзлари киртаяди, териси буришади ва оқиш- кулранг тусга киради. Текшириш натижаларидан маълумки баъзи бир оғир касалликлар (сил, саратон, гипофиз ёки қалқонсимон безнинг узоқ чўзилган яллиғланишлари) кахексияга олиб келади. Шунингдек, муттасил оч юриш ва тўйиб овқат емаслик ҳам ҳаддан ташқари озғинликка сабаб бўлади. Семиришни орзу қиламан! Оз бўлса-да, семиришни истайдиган кишилар аввало ўзларидаги озғинлик сабабларини аниқлашлари лозим. Агар ориқлик баъзи касалликлар (асаб, жигар, талоқ, меъда-ичак, ўпка) билан боғлиқ кечаётган бўлса, керакли муолажаларни олиши зарур. Шуни айтиш жоизки, умуман семирмайдиган одамнинг бирорта жиддий касалликка чалинмагани аниқланса, демак, унинг озғинлигига наслдан-наслга ўтиб келаётган ирсий омил сабаб бўлиши мумкин. Жуда озғин бўлатуриб бир оз тўлишишни хоҳлайдиган кишилар қуйидаги маслаҳатларга амал қилганлари маъқул: — кечаси мириқиб ухлашга ҳаракат қилинг; — ҳар куни 4-5 маҳал сифатли овқатланинг; — унутмангки, қўй гўшти, тухум, қаймоқ, бодом, ёнғоқ, майиз, асал сингарилар танага қувват беради; — хамир таомлар ва ширинликлар истеъмол қилгач, ярим соатдан кейин иссиқ чой ичинг; — руҳингиз тушкун бўлган ҳолларда овқатланманг; — қорин очганида ва иштаҳа кучайган пайтда дастурхон ёнига ўтирганингиз маъқул; — овқатланиш оралиғида ёғли қатиқ ичиб туринг; — нордон мевалар, ёғсиз сузма ва совуқ сув истеъмол қилишдан сақланинг; — овқатлангандан сўнг бирор хил жисмоний меҳнат билан шуғулланинг. Агар ушбу тавсиялар кутилган натижани бермаса, албатта, эндокринолог шифокорга учраб маслаҳат олишингиз ёки зарур тиббий кўриклардан ўтишингиз шарт. Ёши ўтгач, тўлишиб кетди Қирқ бешлардан ошган аёл кўйлак тиктиргани чеварга борибди. Тикувчи унинг гавда ўлчамини оларкан, қорин қисмига навбат келганда жуда боши қотибди. «Ҳа, бирор муаммо борми?» – сўрабди буюртмачи. Чевар хижолат аралаш секингина: «Белингиз қаердалигини билолмаяпман», – дебди. Бу бир латифа бўлса-да, бежизга тўқиб чиқарилмаган. Чунки ёши ўтгани сари аксарият эркакларнинг қориндор бўлиб қолиши ёки кўпчилик аёллар гавдасининг «тўртбурчак» шаклга кириши бор гап. Хўш, нима учун ўрта ёшли кишилар семира бошлашади? Ахир вазннинг меъёрдагидан ошиқ бўлиши бир қанча касалликлар (масалан, гипертония, қандли диабет, атеросклероз сингарилар)ни юзага келтиради-ку! Бундан ҳам ёмони, тўлишган одам сал ҳаракат қилса чарчаб қолади, нафаси бўғзига тиқилади, оқибатда камҳаракатлиликка одатланади. Қарабсизки, танасида ёғ тўпланиб семизлик азобини торта бошлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёш ўтган сайин организм қувват сарфини кучайтирувчи гормонларни камроқ ишлаб чиқаради. Демак, овқатланиш тартиби бузилиб, организмдаги ўзгаришлар кучайса, ўз-ўзидан ортиқча вазн тўпланади. Бундан ташқари, ўрта ёшлиларнинг камҳаракатлилиги натижасида истеъмол қилинган таомлар яхши ҳазм бўлмайди. Маълумки, ҳазм бўлмаган овқатлар ёғ ҳужайраларига бирикиб бораверади. Натижада кишининг тўлишишига қулай имкон яратилади. Тўғри, баъзилар ёшлари ўтганда ҳам қотма ва хушбичимлигича қолишади. Бунинг сабаби шундаки, уларнинг ҳаёт тарзи серҳаракат кечади, ўзлари ҳам семизликка мойил бўлишмайди, организмлари ёғ захираларини тўплаш ўрнига углеводларни қайта ишлашга созланади. Айрим ҳолларда семиришга сабаб бўлувчи жинсий гормонлар (эстроген, гестаген, тестостерон)лар мувозанитини сақлаш учун одам соғлом турмуш тарзига амал қилиши, маълум вақтда овқатланиб, маълум вақтда дам олиши ҳамда жисмоний фаол бўлиши лозим. Оч қолган озадими? Гоҳ-гоҳида (масалан, ҳафтада бир кеча- кундуз) оч юриш одам учун икки томонлама фойдали. Биринчидан, очлик организмни тозалайди, қонни заҳарли моддалардан халос қилади. Бу ўринда Гиппократнинг «Агар тана тозаланган бўлмаса, қанчалик овқат емагин унга шунчалик зарар етказасан», деган ҳикматини эсламоқ жоиз. Умуман, очлик кишига кўтаринки руҳ ва хушчақчақлик ҳам бахш этади. Иккинчидан, очлик муолажаси давомида одам кўплаб касалликлардан холи бўлиш баробарида ортиқча вазнини ҳам йўқотади. Очлик сақлашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиб олган маъқул. Чунки бир кеча-кундузлик очлик кунларида нима билан озиқланиш (масалан, кун давомида қатиқ ё қайнаган сув ичиш ёинки ҳўл мева- сабзавотлар истеъмол қилиш)ни шифокор ҳар бир кишининг организм фаолияти ва аҳвол-руҳиятига қараб белгилайди. Рус олими В. Пашутиннинг таъкидлашича, тез-тез оч юрадиган кишилар организмида қуйидаги ўзгаришлар кузатилади: — ички ҳимоя кучлари ортади; — ферментлар фаоллиги ошиб, чириган, патологияга учраган тўқима ва ҳужайралар сўрилади; — организм чиқиндилардан тозаланади; — моддалар алмашинуви яхшиланади; — оқсиллар биосинтези жадаллашиб, ҳужайраларда модда алмашинуви кучаяди; — кучсизланган ва ортиқча тўқималар сўрилиб улар ўрнига ёш тўқималар пайдо бўлади, организм ёшаради. Умуман, очлик муолажасини ўтказиб турган кишилар танасидаги барча аъзо ва тўқималар физиологик ором олади. Очлик муолажасини ким қай йўсинда танлаши фақат шифокор маслаҳатига кўра амалга оширилади. Чунки гипертониянинг оғир даражасида, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яралари зўрайган пайтда беморлар оч юришлари мумкин эмас. Организмни чиқиндилардан тозалаш мақсадида бир ҳафтада бир кеча-кундуз (тушликдан тушликкача) овқат емасдан фақат сув ичиш ёки мева-сабзавот ейиш билан кифояланган киши ўзидаги анчагина касалликлардан фориғ бўлади. Очлик муолажаси мунтазам бажарилганда юрак-қон томир, буйрак ва сийдик йўли дардлари, панкреатит, тери ва бўғим касалликлари, аллергия, қандли диабет каби жиддий хасталиклар батамом даволанади. Шунингдек, очлик муолажасидан сўнг киши тетиклашади, кўзлари равшан тортади, вазни анча камаяди, ҳаракатчан ва курашувчан бўлиб қолади. Шуни унутмангки, ундирилган буғдой донидан тайёрланган овқатлар очлик муолажасидан сўнг ейилса танани зарур витаминлар билан тўйинтиради. Муолажани ўтказишдан олдин одам ичакларни ҳуқна ёрдамида тозалаши лозим. Оч қолганда кунига икки литргача сув ичилади, ҳар куни 10-15 километр масофа тоза ҳавода босиб ўтилади. Тез-тез душ ёки ванна қабул қилиш, баданни енгил уқалаб туриш янада яхши. Кўпчилик одамлар семизликдан қутулишни ва шу йўл билан саломатликларини тиклашни истайдилар, бироқ ҳаммаси ҳам очлик кунларига тоқат қилишолмайди. Бундай тоифадаги одамлар оздирадиган қатъий парҳезлардан кечиб, одатдаги кундалик овқати миқдорини 7-8 га бўлиб тез-тез истеъмол қилганлари маъқул. Чунки махсус тадқиқотлар натижасига кўра, бўлиб-бўлиб овқатланишда шунча овқатни бир кунда уч маҳал бўлиб егандагига қараганда кишининг оғирлиги икки маротаба камаяр экан. Шунингдек, бу овқатланишлар чоғида ширинликлар, ёғлар ва хамир овқатларни кам истеъмол қилиш тавсия этилади. Бундан ташқари, эрталабки бадантарбия, кечки сайрни мунтазам амалга ошириш янада кўпроқ фойда беради. Умуман, семизлик аломатлари пайдо бўлганда овқатни камроқ ейиш ва жисмоний ҳаракатларни кўпайтириш, шу йўл билан тананинг ёшга мос келадиган вазнига қайтиш учун ҳаракат қилмоқ лозим. Manba: Tib.uz

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: