Главная » Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar » Қайнона келинга зуғум қилганда...
Қайнона келинга зуғум қилганда...

Қайнона келинга зуғум қилганда...

Қайнона келинга зуғум қилганда...

Насиба иккинчи фарзандига ҳомиладор, бешинчи ойда. Қайнонаси ҳовлига ётқизилган кошинларни ювишни буюрди. “Илиқ сувда хиралашиб қолади, совуқ сувда ювинг”. Бунга жавобан: “Кун совуқ-ку, ойижон” дейишга келиннинг тили айланмади. Ахир эртага ота уйига боришга рухсат олиши керак. Синглиси, опалари келишаркан. Маза қилиб ўтиришади, бугун шу ишлардан қутилиб олса, бўлди. Хуллас, қайнонанинг айтганини қилди. Кечқурунга бориб, беҳолланаётганини сезди, аъзои бадани қақшаб оғрирди. Иситмаси кўтарилди. Қайнона на “тез ёрдам” чақиришга, на бирор дори ичишга қўйди (ҳомилага зарар, деди). Эртасига докторга чиқишга ҳам рухсат тегмади, табиийки, ота уйига боришга ҳам изн берилмади. Устига-устак, ўғли бетобланиб қолди. Хуллас, у бўлди, бу бўлди, орадан бир муддат ўтиб, келиннинг аҳволи жуда оғирлашди. Шифохонада ҳомила аллақачон нобуд бўлгани, бачадон йиринглаб кетганини айтиб, ҳомилани ҳам, бачадонни ҳам олиб ташлашди. Насибанинг ҳаётини зўрға сақлаб қолишди.



Нимага шундай бўлди? Қайноналар бу қадар зулмкор бўлишмаса? Ё келинлар нозиклашиб кетяптими? Келин қайнонанинг зулмидан нолиса, қайнона келиннинг дангасаю бетгачопарлигидан арз қилади. Орага тушиб бўлмайди. Аммо индамай турсанг ҳам бўлмаяпти: қанча жонлар азобда, неча оилалар барбод... Келинг, вазиятга биз эмас, мутахассислар баҳо беришсин.



Гўзал РЎЗМАТОВА, “Суғдиёна” аёллар клуби руҳшуноси:



— Тасаввур қилинг, бир аёлнинг оёғида жуда чиройли, таниқли маркадаги, бежирим туфли. Ҳамма унга ҳавас билан қарайди, шунақа туфлиси бўлишини орзу қилади. Лекин бу пойабзал эгасининг қайси бармоғини қисяпти-ю, оёғининг қаерини уряпти – буни фақат аёлнинг ўзи билади. Агар аёл шу туфлини не азобда кийиб турганини айтмаса, ҳеч нима ўзгармайди, ўз жонига жабр қилиб юраверади. Айтса, балки атрофдагиларнинг унга муносабати ўзгарар. Қайнона келинга бирон ишни буюрганда, ўз нуқтаи назаридан вазиятга баҳо беради: шу иш келинга муносиб, уни бажара олади, деб ҳисоблайди. Атайдан келинга зарар етказиш учун оғир иш буюрмайди-ку. Келиннинг ҳоли эса фақат ўзига маълум. Жони азобдами, унга қилинаётган муносабат жисмоний ёки руҳий босим, зулм даражасига бориб етдими, у ўз аҳволини баён қилиши, баён қилганда ҳам бировни айбламай, жаҳл қилмай, кулиб туриб айтиши керак. “Ойижон, ҳозир аҳволим бундай, шу ишни эртага ёки бошқа бирон об-ҳаво яхши куни бажарсам майлими?” дейиш мумкин-ку. Қолаверса, келиннинг эри ҳам унинг аҳволидан хабардор. Тобим йўқ, докторга олиб боринг, десин. Жуда бўлмаса, дўконга бориб келай, деб ҳам шифокорга кўриниш мумкин-ку, шундай эмасми? Шунчаки, қайнона бир вақтлар ўзи қилган ишларни энди келиним ҳам қила олади деб ўйлайди. Бироқ ҳозирги қизлар нозик, худди иссиқхонада етиштирилган гулга ўхшайди. Улар оналаримиз каби ёшликдан ўчоққа ўт ёқиб, совуқ сувда кир чайиб, чиниқишмаган. Демак, қайнонани айбламасдан, одам ўз аҳволи учун ўзи қайғуриши лозим. Аҳволини билдирсин, муаммони ётиғи билан айтиб, уни муҳокама қилсин. Оила аъзолари уни тушунишади. Борди-ю тушунмасалар, келин ва бўлажак фарзандининг ҳаёти ҳақида қайғурмасалар, умуман, бировнинг боласига жонлари ачимаса, уни инсон сифатида ҳурмат қилмасалар, қадрламасалар, бундай оилани жонни тикиб бўлса ҳам сақлаб қолиш тўғримикан? Шунга арзирмикан бу оила? Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак.



Моҳира Содиқова, шифокор-гинеколог:



— Афсуски, бундай вазиятларга тажрибамда бир неча бор дуч келганман. Янаям келиннинг жони омон қолибди. Баъзида иш ўлимгача бориб етади. Ҳозир маҳаллаларда аёллар шифокорлари қайноналар ва келинларга тушунтирув ишларини олиб боришяпти, келиннинг саломатлиги – бу бўлажак авлод саломатлиги эканини англатишга уринишяпти. Аммо, афсуски, баъзи-баъзида бўлса ҳам юқоридаги ҳолатлар учраб турибди. Қайноналарга айтадиган гапимиз шуки, келинни ҳомиладорликнинг маълум даврида эмас (кимдир бола тушиб қолмасин деб, фақат давр бошида, яна биров барвақт туғиб қўймасин деб охирги ҳафталарда уринтирмайдилар, аммо бошқа пайт унинг саломатлиги ва руҳий аҳволига бефарқ бўладилар), бошидан охиригача асраб авайлаш зарур. Ҳомиладор аёл учун тўғри овқатланиш, меҳнат ва дам олиш тартибига риоя қилиш, асабларни асраш, очиқ ҳавода сайр қилиш, камқонлик ёки бошқа бирон бетоблик аломатлари пайдо бўлса, шифокорга учраш, лозим топилса, стационарга ётиб даволаниш шарт. Кўпинча келинларимиз қайнонам рухсат бермади, деб шифохонага ётишмайди. Ахир, қайноналар бор-йўғи тўққиз ой келиннинг ўзига хос, алоҳида ҳолатига чидаб беришса кифоя-ку. Бу носоғлом бола билан бир умр қийналгандан кўра яхшироқ эмасми? Ҳар бир қайнона ана шу саволни ўзига бериб кўрсин.



Феруза Ғойибова, ёш қайнона:



— Қайнона-келин муносабатларидан гап очилса, нуқул қайноналар ёмон, зулмкор, бемеҳр деб таърифланади. Лекин ҳозирги келинлар ҳам анойи эмас, ўзларини мазлум қилиб қўймайдилар. Ҳозирги ёшлар бесабр, тегманозик ва бетгачопар. Шу сабабли ҳам оилалар кўп бузиляпти. Тўғри, қайнона она эмас, у келинни қизидек кўрмайди, кўролмайди. Чунки ўзи туққан ва туғмаган бола ўртасида фарқ бор, буни ҳар қандай аёл фаҳмлайди, бу табиат қонуни. Келиннинг бетоблиги, бирон ишни қилишга кучи етмаслигини қайнона сезмайди. Унга айтиш, билдириш керак. Кейин озгина меҳнатсеварлик, уқув деган нарсалар ҳам зарар қилмасди ёшларимизга.



Марғуба Комилова, икки келинлик кайвони онахон:



— Шу ёшга кириб, англаган нарсам бу бўлди: ҳеч қачон фақат бир томон айбдор бўлмайди. Биз кўриб чиқаётган ҳолатда ҳам, умуман, қайнона-келин можароларида ҳам сабаблар, айбдорлар бир нечта. Қайнона келинни ёш демайди, ҳомиладор демайди, сўзини ўтказгиси келади. Келин ҳам қайнонанинг кўнглига йўл топса, бўлади-ку. Совуқ ҳовлида иш қилгиси келмаяптими, иссиқ ошхонага кириб қайнонанинг оғзига ёқадиган бирон нарса пиширсин. Ширин таом ва ширин сўз билан алдасин, ийдирсин. Қизларни эгилувчан, мослашувчан, тадбирли, ширинтил ва ишчан қилиб тарбиялаш керак. Қайноналар эса бир эмас, икки жонни қийнаётганларини тушунишлари лозим. Ўша ҳовлидаги кошинлар эрию ўғлининг пешона териси эвазига келгани учун жони ачиётгандир она шўрликнинг. Бироқ эртага келини носоғлом бола туғса, ўғлига яхши бўлмайди-ку. Хуллас, муроса, ширин тил ва тадбир билан яшаш керак бу ҳаётда.



Бир аянчли тақдир мисолида азал айёмдан мавжуд муаммони яна кўтардик. Мақсад уни ечиб бериш эмасди. Шунчаки бу ўткинчи дунёнинг ҳеч ўтиб кетмаётган, йўқолмаётган муаммосига жамоатчилик эътиборини яна бир бор қаратмоқ қасдида эдик. Хулоса ўзингиздан...



Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА


Manba: Darakchi.uz

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: