Главная » Статьи » Hikoyalar

Аксарият аёллар қиш мавсумида йўл қўядиган 4 хато

Кўчага отландингизми? Шошманг! Аксарият аёллар қиш мавсумида йўл қўядиган хатоларни такрорламадингизми? Қанақа хато дейсизми? Мана, улардан тўрттаси.

 

1. «Крем қанча ёғли бўлса, шунча яхши!»

Терингиз аслида ёғли ёки аралаш турга мансуб бўлса, ёғли крем ёрдамида қўшимча муаммо орттириб олишингиз турган гап. Сабаби ёғлилик даражаси етарли бўлган тери қўшимча ёғни қабул қилолмайди. Натижада тери катакларининг беркилиб қолиши ёки ёғ мувозанати бузилиши мумкин. Лекин тери қавати нозик (юпқа) ва қуруқ бўлса, ёғли кремлар зиён қилмайди.

Сиз учун: терингиз қайси турга мансублигини билсангиз, аввалдан фойдаланиб келаётган кремларингизнигина ишлатинг. Ягона шарти: совуқ мавсумда бундай кремларни бироз қалинроқ суртиш керак.

 

2. «Юзим қуруқлашмаса бўлгани...»

Совуқ ҳаво дастлаб юзда сезилгани боис асосий эътиборни юз териси парваришига қаратамиз-у, бўйин ва қўл териси ҳақида унутиб қўямиз. Аслида эса қўл ва бўйин териси ёшга боғлиқ ўзгаришларни биринчи намоён этувчи соҳалардир. Шу боис қишки парваришда фақат юз терисига эътибор қаратишнинг ўзи етарли эмас.

Сиз учун: юзингиз учун фойдаланадиган кремлардан бўйин соҳасига ҳам суртинг. Бу ишни кечқурун уйқуга ётишдан аввал бажарсангиз, тери катаклари кремдаги керакли озуқани яхши қабул қилади. Қўл терисининг парваришини эса бир кунда бир неча маротаба бажариш мумкин. Бунда сизга қўл терисини юмшатувчи ва озиқлантирувчи кремлар (зайтун ёғи, лимон, мойчечак асосидаги) асқотади. Қўлингизни ювгандан сўнг албатта артиб қуритиш кераклигини унутманг.

 

3. «Қишки қуёш нурлари зарарли эмас...»

Терига таъсир этувчи қуёш нурининг икки хил кўриниши мавжуд бўлиб, уларни А ва В турга ажратишади. В турдаги қуёш нури ёзги мавсумда тери учун хавфли бўлса, А туридагиси қишда терини зарарлантиради. Айнан мана шу А туридаги қуёш нури юз терисида ёшга боғлиқ ўзгаришларни юзага келтиради.

Сиз учун: замонавий кремлар таркибида икки турдаги қуёш нуридан ҳам ҳимояловчи бирикмалар мавжуд. Косметик воситалар сотиладиган дўконлардан доим фойдаланадиган кремингизнинг қишки мавсум учун мўлжалланганини суриштириб, харид қилсангиз, фойда қиласиз. Харид вақтида крем таркиби ёзилган қисмига эътибор беринг. Унда қуёш нуридан ҳимояловчи асос мавжудлиги кўрсатилган бўлса, иккиланмай олаверинг.

 

3. «Лаб бўёғи лабларимни қуритмайди…»

Аслида эса қуритиши ҳам мумкин. Чунки ҳамма лаб бўёқлари таркибида ҳам совуқ мавсумга дош берадиган бирикмалар мавжуд эмас. Яъни таркибидаги моддалар ҳаво ҳароратида сифат даражасини сақлаб қололмайди. Аҳамият берган бўлсангиз, кўчага чиқишдан аввал суртган лаб бўёғингиз бир неча соатдан сўнг лаб териси устида йиғилиб, қуруқлашиб қолади. Сабаби эса оддий: ё лаб бўёғи сифатсиз, ё лаб терисини нотўғри парваришлайсиз. Ахир лаб бўёғини суртишдан аввал лаб терисига ҳам эътибор қаратиш керак-да!

Сиз учун: лабларингизга вақти-вақти билан асал суртиб туринг. У лаблар терисини юмшатиб, ёрилишининг олдини олади. Бу ишни оддий косметик вазелин ёрдамида ҳам бажариш мумкин. Бармоғингизга бироз вазелиндан суртиб, лабларга оҳиста ишқалаб, сингдиринг. Муолажани бир кунда икки марта бажаринг. Лаб бўёғини ишлатганингиздан сўнг лабингизда йиғилиб қолишини сезсангиз, яхшиси, уни бошқасига алмаштиринг.

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади


Категория: Hikoyalar | Добавил: Админ (22 Дек 2016)
Просмотров:   | Комментарии: 0 | Теги: Аксарият аёллар қиш мавсумида йўл қ | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]