«Бахтлилардан бахтли бўламиз!» - - Hikoyalar - www.Parvona.com - Музыкальный развлекательный портал!
Главная » Статьи » Hikoyalar

«Бахтлилардан бахтли бўламиз!»

...Азизим, билсангиз эди, айни пайтда қанчалик хурсандлигимни! Шодлигимдан дунёларга сиғмай кетаяпман! Сиз менга ваъда бергандингиз, бахтлилардан бахтли бўлишга! Мана, бугун орзуларимиз ушалди! Ўн тўрт йиллик сабр мукофоти бу! Раҳмат сизга! Борлигингиз, ишончингиз учун!..

 

Сизни илк бор вилоят марказига кетаёганимда автобусда учратганман. Ўшанда бозорга отлангандим. Уйда ўтиравериб зериккандим-да. Сиз эса ҳисоботлар топшириш учун кетаёган экансиз. Кайфиятингиз йўқ, кўзларингизда чарчоқ. Мен эса ҳали ёнимдаги аёл билан келини ҳақида суҳбатлашаман, ҳали телефонда дугонаман билан гурунг қиламан, хуллас, бидир-бидир қилиб тинмаётгандим. Ҳамон эсимда, менга қараб «Бунча бошни оғритдингиз, бирпас жим ўтирсангиз бўлмайдими?» дегандингиз. Бу гапдан жаҳлим чиқди-ку-я, аммо тилимни тишладим. Парвойим палак бўлиб яна гапга тушдим. Хуллас, автобусдан тушаётганда ҳам менга қаҳрли назар ташладингиз. Йўлларимиз айрилди. Менинг эсимдан автобусдаги жаҳлдор йигит чиқиб кетди ҳам. Аммо тақдир деганлари қизиқ экан-да...

Холамнинг қизи турмушга чиқди. Мендан уч ёш кичкина. Тўйида елиб-югуриб хизмат қилдим, маза қилиб рақсга тушдим. Бир пайт келинойим «Аслида сизни узатишимиз керак эди», деб қолди. Юрагимдан нимадир узилди. Ҳар сафар кимнингдир тўйи бўлса, шу гап. Менинг бахтим очилмаётгани тўрт қариндош йиғилган жойда, албатта, муҳокама қилинади. Ёшимнинг йигирма саккизга қараб кетаётгани ҳаммани хавотирга солиб қўйган. Аммо булардан не фойда? Бахт деганлари ўз қўлимда бўлганида эди...

Асли йигирма икки ёшимда унаштирилгандим. Тўй тараддудлари бошланиб кетган бир пайтда қуда аёллар бир парча мато сабаб ҳаммасини тўхтатишди. Никоҳ куни белгиланган, тўйга ҳамма айтилган эди. Энди аҳволимни тасаввур қилаверинг. Кўчага чиқсам, ҳамма мени бигиз қилиб кўрсатади, гап-сўзлар эса кун-кундан болаларди. Кўпчилик ўзича нималардир дейишар, бир қизнинг обрўси, номуси, келажаги ҳеч кимнинг хаёлига келмасди. Энг даҳшатлиси эса орадан икки-уч йил ўтгач, ажрашган, аёли вафот этган эркаклардан уйимизга совчилар кела бошлади. Бундан менинг бошим янаям эгилар, ота-онам эса тақдиримдан куйинишарди.

Шундай кунларнинг бирида сиз ҳаётимга кириб келдингиз! Оқ отли шаҳзодам! Тўғри, тақдиримиз муҳаббат ришталари билан эмас, совчиларнинг шарофати билан боғланди. Учрашувга чиқиб, бир-биримизни кўргач, ҳатто иккиланиб қолдик ҳам. Аммо барибир пешана деганлари бор гап экан. Туғилганимизданоқ тақдиримизга бир-биримиз битилган эканмиз. Аввалига, ҳеч бўлмаса, гап-сўзлардан қулоғим тинчийди деб розилик бердим. Ота-онам ҳам «Йигит томонни суриштирдик, яхши оила экан. Куёв бўлмиш ҳам ўқиб, ҳарбий хизматга бориб, ишга жойлашиб олгунча уйланмай юрган-да. «Токи ўзим нимадирга эришай, кейин оила қураман», деркан доим. Қара, қизим, бошингга бахт қуши қўнди», дейишди. Хулласи калом, жуда тез фурсатда тўйимиз бўлиб ўтди. Уч кундан сўнг никоҳ куни тушган суратимизнинг остига «Бахтлилардан бахтли бўламиз, Мени БАХТИЁР қилган АЗИЗАМ» деган сатрларни ёздириб, деворга осиб қўйдингиз. Буни кўриб шунақангги кўнглим кўтарилди-ки… Тасаввур ҳам қилолмайсиз. Сизнинг қалбингиз чиройли ва нозик эканлиги, менга бўлган муҳаббатингиз нақадар кучлилиги қалбимда меҳр уйғотди. Ҳа, ҳақиқатан сиз дунёдаги энг ЯХШИ ИНСОНсиз!

Тўғри, турмушимизнинг ҳар куни байрам бўлгани йўқ. Синовлар, қийинчиликлар, гоҳида тушунмовчиликлар… Аммо биз, бизнинг муҳаббатимиз буларга енгилмади! Мен ҳаммасига ШУКР қиламан! Зеро синовлар бизни тоблади, бир-биримизни суяшни, ҳамдард бўлишни, тушунишни ўргатди. Майда ташвишлар бахтимизга соя сололмади. Ҳатто бир гал икки боламни етаклаб, ота уйимга ҳам кетиб қолдим. Қаранг, сабрсизлигимни. Ҳаммаси овсинимнинг гапидан бошланди. «Азиза, сиз юраверинг болаларингизга ўралашиб. Эрингиз ишхонасида бир аёлга илакишиб қолибди. Ўша ерда ишлайдиган дугонам билан гаплашгандим, ҳаммасини айтиб берди. У аёл бева экан», деб қолди. Алам қилиб кетди. Ўзи шу пайтлар кичигимиз сариқ бўлиб қолгани туфайли икки ой шифохонада даволаниб, энди уйга қайтгандик. Буниси менга ортиқчалик қиларди. Жон аччиғида нарсаларимни йиғиштирдим-да, қайнонамнинг ҳай-ҳайлашига қарамасдан болаларни олиб уйга кетдим. Нима гаплигига ҳайрон онамга биринчи айтган гапим «ажрашаман» бўлибди. Сиз эса ҳамма вазиятдан хабар топиб тўғри ота уйимга келдингиз. Олдинига гаплашишни ҳам истамадим. Кейин қароримни айтдим. Ўшанда сизнинг биринчи марта жаҳлингиз чиққани кўрдим. Юзимга тарсаки солиш учун қўлларингизни кўтардингиз-у, яна туширдингиз.

— Сендан буни кутмагандим, Азиза… Наҳот, менга — умр йўлдошингга ишонмасанг… Наҳот, икки бола кўзингга кўринмаса… Нима бўлганда ҳам, ўз ғурурингни ўйлаб, дарров уйдан кетиб қолишинг, ажрашишга қарор қилишинг, бу ақлга сиғмайди. Мен сенга, оиламга хиёнат қилмадим. Ва ҳеч қачон виждоним бунга йўл қўймайди. Аммо… сен… ишончимизга хиёнат қилмоқчи бўлдинг… — дедингиз-да, болаларни олиб уйга кетдингиз. Бироз вақтдан сўнг мен ҳам изингиздан бордим.

Бу воқеадан сўнг овсиним билан орамизга совуқчилик тушди. Ўзимиз учун алоҳида уйга ҳаракат қилаётгандик, аммо имконимиз бўлмаётганди. Бир куни ҳовлида овсинимнинг катта ўғли билан кичигимиз тортишиб қолди. Умидбек каттароқ эмасми, ўғлимизни итарворган экан, болагинамнинг боши тошга тегиб, қонаб кетди. Жоним чиқиб кетай деди. Қайнонам билан дарров «Тез ёрдам» чақирдик. Бошидан оқаётган қон тўхтаб, ўғлим ўзига келгач, Умиджонни уришиб қўйдим. Буни эшитган овсиним эса менга гапира кетди:

— Эрингиз сизга гул, болаларига ўйинчоқ ташигунча, тезроқ уйларингизни ҳал қилсин. Ана, ҳеч бўлмаса, ижарага чиқиб яшанглар. Шунда бизнинг ҳам қулоғимиз тинч бўларди… Болаларингизнинг ўзи тарбиясиз! Доим ҳамма нарсага мени фарзандларимни айбдор қилишларингиз жонимга тегди. Ё сизлар яшанглар бу уйда, ё мен кетай?..

Бу воқеадан кейин қайнонамнинг қон босими ошиб кетди. У кишига ҳам қийин. Ёлғиз бошлари билан болаларни катта қилди, ўқитди, энди эса ака-укалар бир уйга сиғмай қолса…

Шу куни укангиз ҳам сизга гапирди. Жигарингиздан бундай гапларни кутмаганингиз учун кўзларингиз ёшланганини ҳам сездим. Кечки пайт хонага кирдингиз-да, «Азиза, кел, яхшиси, ижарага чиқамиз. Шунда уй учун қаттиқроқ ҳаракат қилармидик?» дедингиз. Шу билан алоҳида чиқдик. Уй-жой қилгунча, қийналдик, роса тер тўкдик. Аммо бизни бир истак бирлаштириб тургани учун ҳаммасини енгиб ўтдик. Мен ҳам болаларни боғчага бериб ишга тушдим. Сиз ҳам тиним билмадингиз. Гоҳо ижара ҳақини тўлашга пул тополмай қийналиб қолардик. Қийналган пайтларимизда доим «Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Болаларимиз келажаги учун бугун кимдандир камроқ кийсак ҳам, есак ҳам, майли. Яхши кунларимиз олдинда», деб мени юпатардингиз. Уч йил деганда, ўз уйимизга — маконимизга эга бўлдик. Ҳовли тўй қилиш ташвишлари билан юрганимизда эса оёқ остидан бу кутилмаган фалокатнинг чиқиши, ёруғ оламимизни зулматга айлантириб юборди.

Оғайнингиз билан бозорга кетгандингиз. Бир чиройли ош қилишимни тайинладингиз дарвозадан чиқа туриб. Мен эса уйда парда илиш билан овора эдим. Телефон жиринглади. Ҳайрон бўлдим, уй телефонимизни ким билар экан деб. Олсам, ўртоғингиз. Овозида ҳадик. «Келин, тез марказдаги шифохонага етиб келинг. Бахтиёр автоҳалокатга учради». Бу шумхабардан оёғимнинг учигача музлаб кетдим. Нима бўлганини англолмасдим. Дарров бир коса ош суздим. Бориб сизга едираман деб. Жон ҳолатда шифохонага етиб бордим. Аммо сизнинг аҳволингиз мен ўйлагандан оғир экан. Жонлантириш бўлимида ҳушсиз ётардингиз. Сизни қайта-қайта уч марта операция қилишди. Ҳатто менга тилхат ҳам ёздириб олишди. Шифокорлар «Ҳаммаси Худодан. Жароҳатлар оғир», дейишар, бир бурчакда қайнонам йиғлаб ўтирар, болаларим «Дадамга бораман», деб хархаша қилишарди. Мен эса кўз ёшларимни ичимга ютиб, ўзимни қўлга олишга, сиз доим айтгандек кучли бўлишга ҳаракат қилардим. Зора менинг кучимдан, меҳримдан куч олсангиз-у, кўзларингизни очсангиз…

Умримизнинг тўрт ойи шифохонада ўтди. Сизнинг ҳамма жойингизга қанақадир симлар уланган, доим назоратдасиз… Мен болаларни қайнонамга бериб, ёнингиздаман. Хонада ҳеч ким йўқ пайтлари қўлларингизни ушлаб, дуолар қиламан, сизга ўзимча нималарнидир гапираман… Кутган кунларимиз шундай кутилмаган тарзда ўтарди. Худога шукр, ҳаммаси яхшилик билан тугади. Сиз янги, ўз уйимизга қайтдингиз. Уйга олиб келганимизда кўзларингиздан тирқираб ёшлар чиқди. «Дадажон», дея бағрингизга отилган фарзандларимизни даст кўтариб қучолмадингиз, бошларини силаб қўйдингиз, холос. Мен эса жонингиз омонлиги учун шукроналар айтдим.

…Мана, тўрт йил деганда секин-секин қадамлар ташлаяпсиз. Сизни суяб ҳовлига олиб чиқаман. Тўғри, баъзан ойлаб шифохонада ётганингиз асабларингизга таъсир қилганидан, тўшакка михланиб қолганингиздан жаҳлингиз чиқар, арзимас нарсалардан асабийлашиб кетасиз. Лекин ҳаммасига чидашга ҳаракат қилаяпман. Деворга осиғлиқ суратга, ундаги сатрларга қараб кўнглим таскин топади. Ўзимга-ўзим доим «Биз бахтлилардан бахтли бўламиз», дея пичирлайман. Аслида ҳозир ҳам жуда БАХТлимиз!

Шоира ШАГИАҲМЕДОВА қоғозга туширди

Manba: Darakchi.uz
Категория: Hikoyalar | Добавил: Админ (15.12.2016)
Просмотров:   | Комментарии: 0 | Теги: «Бахтлилардан бахтли бўламиз!» | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]