Ким айбдор: ўғил туққанми ё турмушга чиққан? - - Hikoyalar - www.Parvona.com - Музыкальный развлекательный портал!
Главная » Статьи » Hikoyalar

Ким айбдор: ўғил туққанми ё турмушга чиққан?

Аслида қайнона ва келин келишмовчилигида ҳеч ким айбдор эмас, дегим келади. Чунки, биз ўз хоҳишимизча эмас, вазиятлар туфайли бир-биримиз билан тўқнашамиз. Менда бир фикр, сизда иккинчи хаёл бўлгандан кейин вазиятларга ҳам ўз ҳолимизча баҳо берамиз, тўғрими? Мана шундан бошланган қарама-қаршилик бизни якдил ечимдан узоқлаштириб, яна бошқа жанжалларнинг ҳам ташаббускорига айлантиради. Келинг, бу гал «Муносабатлар кўзгуси»да қайнонанинг келинга, келиннинг қайнонага қарашларини баҳолаймиз.



                          



«Ўғлимга мос эмас!»



Гулнора, 21 ёш: — Тўйимиздан кейин биринчи ҳафтадаёқ қайнонам мени ёқтирмаслигини юзимга айтган. Ҳаммасига биттагина, олий маълумотли ўғлининг мендек «ўрта маълумотли ҳамшира»ни севиб қолгани сабаб. Биз бутун бошли оиламиз билан «ўртача маълумотли, ўртача онгли» эканмиз. Шунинг учун ҳам келинлик уйимдагилар билан  тузукроқ гаплаша олмасмишлар. На қилган овқатим, на кийган кийимим, на эрим билан муносабатим ойижонимга ёқади. Мен қайнонам билан қизидек суҳбатлашиб ўтиришни истайман, аммо у кишининг очиқдан-очиқ совуқ, буйруқнамо муносабатидан қўрқиб қолганман. Эрим эса ички кечинмаларимни, ўзимни қадрсиз ҳис қилишимни тушунаётгани йўқ.



Адолат, 48 ёш: — Ҳа,  келин тушираётганимда ўғлимнинг раъйига қарши бормай, ўзим ўқитиб оларман, деган ниятда келин тушурдим.  Баъзилар институтда ўқимаган бўлса ҳам, уқувли, заковатли бўлади. Қизларим ҳаммаси олий маълумотли бўлишди, вақтида турмушга чиқишди, болалари ҳам бор. Олий маълумотли бўлишгани учун турмуш ўртоғига тиргак бўлиб ишлашаяпти, оилани ҳам эплашаяпти. Нега энди шу қизларим каби удли-шудли келин олмадим, деб афсусланаман. Келиним ёмон эмас, аммо ниҳоятда қўрқоқ ва уқувсиз. Дастурхон тузашни билмайди, тўпдек қилиб овқатни олдимга қўяди, ёнига бирор салат тайёрлаш кераклигини тушунмайди. Буларни ўргатса бўлар, аммо оддийгина газетани ҳам ҳижжалаб ўқишини кўриб, наҳотки, шу қиз ўғлимнинг тенги бўлса, дейман. Унинг «берсанг-ейман, бўлмаса-ўламан», деб оғзини очиб ўтиришини истамайман. Ҳозир қўлида боласи йўқ, ҳаракат қилиб, ўқишга тайёрланса бўлади-ку! Ўзида хоҳиш бўлмаса, менинг уринишларим бекор кетиши аниқ, ахир.



Кўзгу нима дейди? — Ҳар қайнона-келиннинг бир-бирига ёпишмайдиган томони бўлади. Буларда фаросатнинг даражаси ҳар хил. Адолат опа ўғли ва келини ўртасидаги оилавий ришталар адолатли бўлишни истайди. Яъни, ўғлимга муносиб бўлиш учун келиним ҳаракат қилиши керак, деб ҳисоблайди ва айтиш керакки, бу мулоҳазада хато йўқ. Яна бир жиҳати ҳам аёнки, ўғли мана шу қизни севиб уйланган, демак, унинг қаердадир устун жиҳати бор. Балки, ўқиш ва ишда фаол аёллардан безиган ўғлига айнан унинг ҳуркаклиги, чинакам заифалиги ёқар.



Гулноранинг кечинмаларига келсак, у – қадрсиз эмас, турмуш ўртоғи уни ўзига муносиб деб билган, муҳими шу! Гулнора балки ҳеч қачон олий маълумотли бўлололмас, лекин «ўрта маълумоти»ни мустаҳкамлаши мумкин-ку! Тиббиёт коллежини битириб, бир кун ҳам ҳамшира бўлиб ишламаган қанча келинлар бор, улар, ҳатто, қўшниларга укол қилишни ҳам эплай олмайди. Шулардан фарқли равишда, агар эри ишлашга рухсат бермаса ҳам, маҳалланинг чаққонгина ҳамшираси бўлиб, қайнонасининг унга бўлган талабини юмшатиши мумкин. Келинлик, бу — ёшлик. Ёшлик эса одамнинг ўз устида ишлаш вақти. Бунда дангасалик ярамайди.



 



«Келин зотидан кўнглим қолди…»



Башорат, 57 ёш: — Катта келиним ўғлимнинг бурнидан ип ўтказиб, айтганини қилдирарди. Иккинчи неварам туғилгач, бутун кўч-кўронини кўтариб, ижара уйга чиқиб кетди. Ўғлим ҳам икки ўт орасида қолди, охири кўзига болалари кўриниб, унинг изидан кетди. Икки йилча она-ўғил гаплашмай юрдик. Иккинчи ўғлим ўша пайтда ҳали уйланмаган эди, шу воқеаларнинг барчасидан ўзича хулоса чиқариб улғайди. «Агар уйлансам, келинингиз овозини сал кўтарса ҳам, жойига ўтказиб қўяман, фақат сизнинг айтганингиз бўлади», дерди. Шундай қилиб, мен истаган қизга уйланди. Тўйдан кейин эса барча ваъдаларини унутди. Етмаганига келиним ҳам чақимчи, андишасиз чиқди. Қайнона-келин арзимаган нарса туфайли айтишиб қолсак, келиним ўғлимга чақиб берар, у эса мен билан тортишадиган бўлди. Иккала боламни онасига қаршилантириб қўйган келин зотидан кўнглим қолган. Бу келиннинг нимаси менга ёқмайди? Жуда кўп гапиради, қўшни келинлар, катта овсини билан ғийбат қилгани-қилган. Болалари шўхлик қилса, аямай уради. Ўғлимнинг топганини мендан беркитиб, сингилларининг оиласига ёрдам беради. Хуллас, гапирсам гап кўп. Бахтимга учинчи ўғлим ҳам бор, ўшани уйлантирсам, оқила, яхши келин келар уйимга...



Ҳулкар, 25 ёш: — Ота-онам мени ўқитди, сарпо-суруқ қилиб узатди. Наҳотки онам, яқинларимга эримнинг рухсати билан бирор ёрдам бера олмасам? Яхши, унда ишлашимга рухсат беришсин, ўғлининг эмас, ўзимнинг топганимни сарфлай. Катта овсинимнинг бошида ёнғоқ чаққан, хомиладор пайтида овқат бермай қийнаган (овсинимнинг ўзи айтган) шу қайнонам мени ҳам бошидан маҳкам ушламоқчи бўлган, аммо сиримни бой бермадим. Ҳа, эрим мени яхши кўради, ёнимни олади, чунки кўп ҳолатларда онаси эмас, мен ҳақ бўлиб чиқаман. Ҳамма келинлар ёмон, барча ўғиллар лақма бўлса, ўзлари кимлар? Эримнинг топиш-тутиши яхши, агар хоҳласам, алоҳида уйга чиқиб кетиб, шу тўполонларнинг барчасидан қутулишим мумкин. Қайнотам вафот этган, катта ҳовлида ёлғиз қолмасин дейман шу аёл...



Кўзгу нима дейди? — Иккита келин олиб ҳам Башорат опа тавбасига таянмабди-да, дерсиз?! Йўқ, шундай гаплар айтаётган андишасиз Ҳулкарга ўхшаган келинлар уялсин! Ёдингизда бўлсин, эрга текканнинг эмас, ўғил туққаннинг ҳурмати ҳамма замонда баланд бўлган ва соғлом оилавий муносабатлар шаклланиши учун ҳам шундай бўлиши шарт! Цивилизация дейсиз, мустақил оила эгасимиз, дейсиз, бошингизга дўппи тор келганда яна ўша катталарга бориб суянасиз, тўғрими?



Башорат опа биринчи келини билан кўп хатоларни йўлга қўйгани ростдир. Иккинчи келини билан ҳам келишолмагани унинг айбдор эканлигини исботлаяпти гўё. Устига устак, ҳар икки ўғил ҳам она эмас, хотини томонга ён босаётгани, у кўп вазиятларда ноҳақ талаблар қўяётганидан далолат беради. Башорат опага маслаҳатимиз – келинларнинг камчилигини эмас, яхши фазилатларни кўришга ҳаракат қилинг. Хали куч-қувватингиз борида уларга йўл-йўриқ кўрсатинг, оғирлик, вазминликда уларга ўрнак булинг.  



 



                                 «Ота уйимга боришга рухсат йўқ»



Лазиза, 22 ёш: — Тўйим бўлганига уч ой бўлди. Ишонсангиз, ҳали ҳам ота уйимга борганим йўқ. Қайнонамнинг айтишича, деярли ҳар ой меҳмондорчилик, тўй-маросимлар, яна қариндошларнинг чақирувларида онам ва синглимни кўрганимнинг ўзи етарли экан. Бошланишидан шундай бўлса, давоми қандай бўлади, билмайман. Ҳатто уй телефонига яқинлаша олмайман, турмуш ўртоғим келган пайтдагина, қўл телефонини олиб, ота-онам билан яширинча гаплашаман. Қайнсинглим бор, у мен билан жуда яхши муносабатда. Ҳатто у ҳам онасидан бир неча марта «Келинойим уйларига бориб келсин», деб сўраб кўрди. Қайнонам эса «Сен бу ишларга аралашма», деб уришиб берди. Уйимизда айтарлик қиладиган иш кўп эмас. Тушликда ётиб, дам олишга рухсат беришади. Шу сабаб нега қайнонам уйимга боришимга рухсат бермаслигига тушуна олмайман.



Малоҳат, 49 ёш: — Келинни бўш қўйиш керак эмас! Тўғри, келиним андишали, айтганимга кўнади, жудаям ёқимтой. Опамнинг келини онасиникига истаган пайтда бориб келавериб, на онанинг, на қайнонанинг қадрини билди. Онамникига кетаяпман, деб ўзининг эски муҳаббати билан учрашиб юрар экан, енгилтак! Жияним ортидан кузатиб, телефонидаги ёзишмаларни ўқиб билиб қолди. Оқибатда, бир йилга ҳам бормай, ажрашиб кетишди. Ҳозирги ёшлар ҳамма нарсага енгил қарайди. Бу қизни ўғлим эмас, ўзим танлаганман. Аммо орқаваротдан эшитганим бор, қўшнисининг ўғли билан узоқ вақт гаплашиб юрган. Ўғлимнинг бу гаплардан хабари йўқ. Шунинг учун телефонга ортиқча яқинлаштирмайман. Онасиникига ҳам ҳозирча юбормаётганим сабаби шу. Ҳар хил гап кўпайишининг олдини олаяпман. Ўғлим билан бирга боришига розиман, лекин у буни хоҳламайди, куёв бўлиб боришга уялар эмиш.



Кўзгу нима дейди? — Малоҳат опанинг қатъияти вақт ўтиши билан юмшаб боради, чунки келинига қўяётган таъқиқлар бошқаларнинг гап-сўзи, берган маслаҳатлари туфайлидир. Одам эса бировнинг маслаҳати ва бошқалар ҳаётидаги воқеалардан чиқарган хулосаси таъсирида кўп юрмайди, барибир ўзлигига қайтади.



Лазизанинг қайнонаси хаёлидан ўтаётган гаплардан умуман хабари йўқ. У  қўшнисининг ўғли билан аллақачон орани очиқ қилган, турмуш ўртоғи Аброрни ҳеч кимга алиштирмайди. Агар Малоҳат опа келинни уйга юбормаслик учун шу баҳонани ўйлаб топган бўлса, бу йўлдан воз кечгани маъқул. Чунки келинни эгиб олиш учун эгри йўлни танлаган қайноналарнинг ҳурмат қозониши амри маҳол. Шунингдек, келинни уйига тез-тез жўнатиб ҳам, унинг севимли қайнонаси бўлолмаслигингиз ёки уйдан чиқармаган тақдирингизда ҳам, онасига гап ташиш одатини йўқ қилолмаслигингиз мумкин.  Ўртасини танланг, Малоҳат опа.



Лазизага эса сабр-тоқат тилаймиз. Ота уйингизни соғинишингиз табиий. Аммо кейин нима бўларкин, деб ваҳимага тушиш ҳам ярамайди. Бугунги кунингиз билан яшашни ўрганинг. Кундузи дам оларкансиз, ишингиз ҳам кўп эмас экан. Демак, ҳар ондан лаззат излаб, янги оилага эл бўлинг. Кўпинча ўтган ҳаётимиздан нолиб, бўлажак кунларимизда қўрқиб, яшашни, ширин турмушдан баҳраманд бўлишни ёдимиздан чиқарамиз. 



Азиза ҚУРБОНОВА


Категория: Hikoyalar | Добавил: Админ (13.12.2016)
Просмотров:   | Комментарии: 0 | Теги: Ким айбдор: ўғил туққанми ё турмушг | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]