Popup

Главная » ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR » Onajon charchadim dunyolaridan

Onajon charchadim dunyolaridan

Onajon charchadim dunyolaridan
Онажон, чарчадим дунёларидан,
Кўнглим зада бугун, дилим хор бугун.
Зерикдим туш бўлган рўёларидан,
Юрагим узлатга зор бугун.

Ҳасрат учрайверса ҳар тонг, ҳар оқшом,
Телбалик кўйига тушаркан одам.
Ерлик ифлосларнинг исканжасидан
Самодан сўрайман ҳар куни ёрдам.

Онажон, бир дўст йўқ дардинг айтгали,
Холис дуо қилар йўқдир битта қўл.
Ҳавасим ортади ортга қайтгали,
Тугайин демайди бу сарҳадсиз йўл.

Сирпанчиқ орзулар, сўнгсиз фарёдлар
Чиркин вужудимда айқашу уйқаш.
Билсам-да ҳеч қачон топилмаслигин,
Излайман бу саҳро қўйнида дилкаш.

Учрамайди, ахир, ҳар ён асабий,
Забун нигоҳларга келаверам дуч.
Кошки дунёларни енга олишга
Топа олсам куч...

Онажон. Оҳ, онам, сизни яратган
Худойимга чексиз шукрлар бўлсин.
Тилимда бир ният мудом таралган:
Ҳамма йиғласа ҳам оналар кулсин!

Сизни соғинишнинг ўзи ҳам малҳам,
Сизни хотирламоқ юракка даво.
Биргина эзгулик яшаб қолса ҳам,
Сизга, фақат сизга кўргайман раво.

... Шу шеърни битар пайт сездим ногаҳон
Кўнгил кўнгиллигин англади, туйди.
Қалам олганимда, оғриган юрак
Тузалди – қўйди...

Онажон, масофа фарқи йўқ сизга,
Оғрисам, зўр малҳам қўяверасиз.
Сизга улашганим – озорларимни
Тағин яхшиликка йўяверасиз.

Шу олис масканда англадим, билдим,
Сиздан бошқа кимса мутлақ бегона.
Улуғ раббоният, иймонга келдим:
Ростдан жаннат экан пойингиз, Она!

Ростдан жаннат экан ҳар қадамингиз,
Қайғуларни бу тун яна йиқаман:
Ҳеч кимга билдирмай шу кеча, Она,
Сизни ўйлабгина йиғлаб чиқаман.

Тушимга бир далда шарти-ла киринг,
Муқаддас синовдан шундоқ ўтилар.
Илтимос, шу сафар овутмай туринг,
Кўздаги ёшларим сиздан ўтинар...

Хайрулла Ҳамидов



«Onajon charchadim dunyolaridan»


Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]