Сени севмоқ экан пешона, тақдир,
Билсанг, муҳаббатнинг дарди ҳам сўлим.
Балки сен овундинг кимлар биландир,
Мен сени соғиниш билан банд бўлдим.
Тунд бўлди кун билан кеча баробар,
Оқшому-тонгларим сархуш, санобар.
Сен балки мозийга бўлдинг баробар,
Мен сени соғиниш билан банд бўлдим.
Тилдан - тилга ўтди афсона кўнглим.
Кўзларга куюкди шул қадди долим,
Сен фурсат изладинг сўрашга ҳолим,
Мен сени соғиниш билан банд бўлдим.
Гумонлар тўсдилар нафас йўлларим,
Фақат йиқилмоқлик ўнгу-сўлларим,
Сен ўпиб юрганда унинг қўлларин,
Мен сени соғиниш билан банд бўлдим.
Кўнгилни ўлдириш қотиллик эмас,
Фақат жазосига чидай билсанг бас,
Жабр қилавердинг менга қасдма-қасд,
Мен сени соғиниш билан банд бўлдим.
Яшадим, бир бора йўлингдан ўтмай,
Зарра илтифотинг, меҳрингни кутмай,
Чунки Аллоҳ турди дилимдан кетмай,
Мен сени соғиниш билан банд бўлдим.
Малика Тавфиқ