Главная » SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS » Sevgi nima

Sevgi nima

(Қалби ёнаётган барча ёшларга)

Севги нима севги сир
Очилмаган ғунчадир.
Чиройи қанча бўлса
Тикони ҳам шунчадир.

Севги нима севги гул
Гулки тенгсиз ифорда.
Бир бора очилар ул
Топмайсан ҳар баҳорда.

Севги нима севги най
Наво сехрин туясан.
Куйлаши учун атай
Юрак бағрин ўясан.

Севги нима севги куй
Уддалаган чалади.
Завқ берар-у билиб қўй
Ақлу хушинг олади.

Севги нима севги қуш
Тутсанг бирга учасан.
Яшайсан гўё бир туш
Кундуз ойни қучасан.

Севги нима севги туш
Ишонсанг ўнги келар.
Эришасан этар хуш
Чиндан изласанг агар.

Севги нима севги ўт
Ўйнашма, куйдиради.
Ё ярминг қилади бут
Ё жондан тўйдиради.

Севги нима севги сув
Чанқоғингга қонасан.
Қафасда хам турмас у
Кафтингда тутоласан.

Севги нима севги тош
Кимга олмос кимга дур.
Баҳосин бил, қил бардош
Баҳтинг кулгани шудир.

Севги нима севги гил
Кимдир топтаб ўтади.
Кимнинг эса қўли гул
Бино барпо этади.

Севги нима севги мил
Бахт томон кўрсатар йўл.
Тақдиринг қўлингда бил,
Фақат тўғри йўлда бўл.

Севги нима севги бол
Қилмагин уни увол.
Меъёрини билмасанг
Сени этади бехол.

Севги нима севги ахд
У билан қадаминг шахд.
Севилиш олий неъмат
Севиш ўзи катта бахт.

Севги нима севги дард
Фақат енголади мард.
Асл севган ёрининг
Шаънига юқтирмас гард.

Севги нима севги сас
Хаво каби кўринмас.
Хаётинг бўлар тотли
У билан олсанг нафас.

Севги нима севги бор
Йўқ деган ўйга борма.
Агар учратсанг бир бор
Асло қўйиб юборма.

Севги нима севги сен
Севги нима севги мен.
Топмадим деб куюнма
Севги асли ўзингсан.

Севги хаёт мазмуни
Гар уни таниёлсанг.
Бахтга элтади сени
Қадрига ета олсанг.

Шахноза Рўзиева



«Sevgi nima»


Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]