Главная » YANGI SHERLAR » Дардли сатрлар...
Дардли сатрлар...

Дардли сатрлар...

  • Категории: YANGI SHERLAR
  • Название: Дардли сатрлар...
  • Дата релиза: 05-04-18, 10:13
Дардли сатрлар...
Суюнаман чўчиб
уйғонганимдан,
Болалик - ёшлигим
тушар ёдимга...
Зулмат ҳиди келар
кўнглим, танимдан,
Бир қатим нур керак,
нур ҳаётимга!

Қуруқ жисмим қолган,
кетган ғайратим,
Ўзим ўт қалбимга
бўлдимми зомин?
Ҳеч кимни севмасман,
ўлган ҳайратим,
Худо раҳмат қилсин,
ёшлигим. Омийн!

Қандоқ болайдим-а,
ойдин тасаввур,
Тонг каби мусаффо,
рангин туйғулар.
Хаёл суриш қолган,
кетмиш тафаккур,
Энди босинқираш
бўлди уйқулар...

Қувонч-ку даф бўлган,
изтироб ҳам йўқ!
Калака қилиш учун
куларман холос.
Ҳайф менга дор,сиртмоқ,
хайф кетадир ўқ,
Бу булғонч муҳитда
мен ҳам бир ифлос.

Дўст дейман, дўст
демиш одам керакмас,
"Хо-хо"лагим келар
севги деб ёзсам.
Бир совуқ ҳиссиз тош,
йўқ бу юракмас.
Одам бўлсам экан
ўзимни оссам.

Болалар, болалар...
асабим ўйнар,
Кўрсам сиқиламан,
бўлмас кўрмасам.
Уларнинг борлиги
гарчи шод айлар,
Ота эканлигим
дилга солур ғам!

Дарвоқеъ, отам
бор, бечора отам.
Туришим шу бўлса,
у зот кимимдир?
Ёлғон нечун керак,
бу ҳокисор одам
Узоқ кўриб юрган
бир яқинимдир.

Яқинлар адади
ошар ўндан сал,
Улардан ўзимни
тутарман узоқ.
Ҳали ҳеч қайсига
дуч келган маҳал:
"Э, бормисиз?...",
дея очмадим қучоқ.

Барчаси жигарим,
аммо бегона.
Улар яқинлармас,
гала гумроҳлар.
Ёмон тушдим, қаттиқ
адашдим яна,
Улуғ йўлда топдим
пасткаш хамроҳлар.

Улуғ зот қулимиз,
дерлару бироқ
Нафс ёр бошлиғига
дастёрдир булар.
Беозор мусича ваъз
ўқиган чоғ,
Иш қилар чоғида
ғирт илон бўлар.

Этагин тутмасанг
олар ёқангдан,
Ош еса, тилида
"бисмиллоҳ" тайёр,
Ҳамд айтади қачон
чиқса бу "жанг"дан,
Фақат эснаганда
айтар истиғфор.

Ҳайронман, наҳотки
тенгимдир шулар?
Ғалати бир тўда
ичидаман, бас,
Шартта кетай десам,
душманмас булар,
Кетмай десам, бироқ
дўстим ҳам эмас.

Қани? Қайда қолди
кечаги жаҳдим?
Билмадим бу қалбда
бугун нима бор.
Муслимман деярга
сиғмайдим ҳаддим,
Кофир номидан-да
ор қиламан, ор!

Журъат йўқ бахтлига
қалбим очгани,
Ўз ўйига банддир
жами йўйганлар.
Мен умид қилганлар
беҳад ёш ҳали,
Бирма-бир ўляпти
мени суйганлар.

Ҳафсалам пир бўлди
кўрган кунимдан,
Кун сайин йўқолгай
жилоси, сеҳри.
Оқибат топмадим
оғаларимдан,
Катталикка ўхшар
инилар меҳри.

Вужудим соғломдир,
бироқ дил майип,
Қилт этгим келмаюр,
турарман шундай.
Биров салом деса,
кундай жилмайиб,
Ҳайир дегим келар,
хўмрайиб тундай.

Дўстларим бор эди,
уларга бир кез
Ҳарфлар танитдим,
ўргатдим оят.
Лек қайтиб кетишди
ҳақ йўлидан тез,
Улардан кўп эди
умидим ғоят.

Боламдек суюкли
эди-ку улар,
Хозир ҳам қалбим
бир қалқийди кўрсам.
Шайтон бирла улфат
бўлишди улар,
Демак, шайтонга дарс
берибман мен ҳам.

Бир кунда беш маҳал
бордир ҳақорат,
Юракда қатма-қат,
катта гар ўчим.
Нима деган одам
бўлдим ниҳоят
Битта аёлга ҳам
етмаса кучим?

Айланади бошим
сувга қарасам,
Оққим, оққим келар
осмонга қараб.
Аслим шу бўлса-да,
негадир ҳечам
Тупроққа кўмилгим
келмайди, ё Рабб!

Ё Рабб, тили аччиқ
бир бандадирман,
Йиғламоқ ўрнига
эрта-кеч кулган,
Шундоқ юзи қора
шармандадирман
Кибр ила бировлар
ғийбатин қилган.

Кимники сўкибман,
яхши бариси,
Мен ўзим ёмонман,
йўқ мендан ёмон.
Пичинга тил бурмам
бундан нариси,
Сўкиб бўлмас, Сенинг
халқинг- ку инсон.

Хўб нодон эканман,
ахир Сен бор-ку,
Бўлмасми ўзинга
ҳасратим айтсам.
Ғамхўрим бир Ўзинг -
Парвардигор-ку!
Ҳар не бўлай энди
ҳақ йўлдан қайтсам.

Тонг отар бир муслим
янглиғ бўлиб, пок -
Тоза либос бирла
ўқий Бомдодни,
Оқ юз ила боқай
юзига бе пок,
Сўнг қутлаб қўяйин
нурли ҳаётни...

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: