Главная » YANGI SHERLAR » O'tib boramiz

O'tib boramiz

Кимларга ёқмасдан, кимларга ёқиб,
Ҳаёт карвонида кетиб борамиз,
Умр уммонида бир ҳасдек оқиб,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.

Кимларга малолдир кўзда ёшмиз,
Гоҳ ҳалол,гоҳ ҳаром тотган ошимиз,
Гоҳ мағрур тутиб,гоҳ эгиб бошимиз,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.

Баргида юрамиз,гоҳо шоҳида,
Мол дунё топиб,бахт топмай гоҳида,
Қоврилиб аламнинг дардли ёғида,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.

Яшаймиз доимо қайгадир шошиб,
Тин олмоқ йўқ асло довонлар ошиб,
Беш кунлик умрда мансаб талашиб,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.

Ёзмаймиз гоҳида онамизга хат,
Тош дилдан излаймиз меҳр, муҳаббат,
Яқинлар дийдори учун топмай вақт,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.

Гоҳ гулдир,гоҳ тикон тутганларимиз,
Гоҳ болдир,гоҳ заққум ютганларимиз,
Кутмайди гоҳида кутганларимиз,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.

Ўткинчи шодлиг -у, ўткинчи ғамлар,
Тугамас ташвишлар, тугамас камлар,
Ҳаётнинг завқини билмай одамлар,
Ўткинчи дунёдан ўтиб борамиз.



«O'tib boramiz»


Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]