Главная » YANGI SHERLAR » ОЛОВЛИ ХОНА

ОЛОВЛИ ХОНА

Оҳким, бу одамзот не ерга етди,
Қайга чўкиб кетди мурғак орзулар?
Юрагимни тамом жизғанак этди,
Хайр, биз ёняпмиз, деган ёзувлар.

Бегонаси бўлмас, ахир, боланинг,
Барисин кўзида таниш дард сузар.
Қулоғим остида ўша ноланинг
Ўн баробар оғир парвози кезар.

Оналар кўрмасин, дарҳол ўчиринг,
Аччиқ қўланса ҳид... ютинар тахир:
«Биз ёниб битяпмиз, бизни кечиринг!» --
Ҳавода учади орзулар оғир.

Сизмас, ёниб битди асли жонларим,
Ўша оғриқни-да охир тоттилар.
Сиз бизни кечиринг, болажонларим,
Сизни қулфлаган мен, анов катталар...

Ҳаммамиз тугадик ўша санада,
Ҳаммаси ёлғон не таърифланганмиз.
Сиз кириб чиқолмай қолган хонада
Асли биз ҳаммамиз қулфланганмиз.

Энди дунё уйин тутунлар тутсин,
Ўқиёлмай қолсин ҳеч ким бир сўзни.
Фақат аччиқ ёзув кўзларга етсин:
«Хайр, биз ёняпмиз, кечиринг бизни!»



«ОЛОВЛИ ХОНА»


Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]