Главная » YANGI SHERLAR » Susanna haqida ballada (Suyukli turmush o'rtog'imga)

Susanna haqida ballada (Suyukli turmush o'rtog'imga)

Қанийди, юлдузни ура олсайдим,

Қуёшга тик қараб тура олсайдим,

Абадий бахт уйин қура олсайдим…

Муносиб ёр бўлиб такрор ва такрор,

Сусаннамга жоним бера олсайдим…

Қанийди…

***

О, Сусанна, ойдан ойдинроғим-а,

Ҳатто олтинданам олтинроғим-а,

Сағир кўнглимга бир яқинроғим-а…

Дардларни даст ортга бура олсайдим,

Сен-ла даври даврон сура олсайдим…

Қанийди…

***

Қайсидир дунёга кириб қолганман,

Кимсасиз саҳрода туриб қолганман,

Қовжироқ ўтмисол қуриб қолганман…

Эҳ, сенинг дунёнгга кира олсайдим,

Пойингга бошимни ура олсайдим…

Қанийди…

***

Совуқ мудроқ аро аросатдаман,

Ўтмиш гуноҳлардан надоматдаман,

Қалтироқ қалбимдан хижолатдаман,

Садоқат шаҳрига бора олсайдим,

Сенгинани шодон кўра олсайдим,

Қанийди…

***

Онамдек бошимни силамоқдасан,

Дард чексам, сен юм-юм йиғламоқдасан,

Оёғимни қучиб ухламоқдасан,

Қанийди, қалбимни ёра олсайдим,

Сенинг соф дунёнгга кира олсайдим,

Қанийди…

***

Ўтмишга тош отиб қўйдиммикан ё,

Яқин дўстни сотиб қўйдиммикан ё,

Меҳрни қаҳрга йўйдиммикан ё?..

Сен каби соф хаёл сура олсайдим,

Бир қир-у, бир сирда тура олсайдим…

Қанийди…

***

Менга заҳру заққум ичирмоқда дард,

Мени тўзон бўлиб учирмоқда дард,

Ўз қўлим-ла кафан бичирмоқда дард…

Ёлғиз сенга сирим бера олсайдим,

Қошу қабоғингда тура олсайдим…

Қанийди…

***

Бир кун ўлишимни сезиб боряпман,

Дўзах водийсини кезиб боряпман,

Дунёдан кўнглимни узиб боряпман,

Сени такрор-такрор кўра олсайдим,

Яйраб ёнгинангда юра олсайдим.

Қанийди…

Қанийди…

Қанийди…



«Susanna haqida ballada (Suyukli turmush o'rtog'imga)»


Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]