Главная » YANGI SHERLAR » Topmadim

Topmadim

Армонлар бисёрдир жонимга ташна,
Ағёрлар бисёрдир қонимга ташна.
Қаердан хам бўлдим ашъорга ошна,
Гарчи кўппакдайин инсон қопмадим,
Хануз қиёматлик бир дўст топмадим .

Гохи қўрқувдаман бир таом есам,
Оғуси йўқми деб ўйлайман хар дам,
Отам хам ўтгандир сирлашай десам,
Гарчи ғанимга хам эшик ёпмадим,
Хануз қиёматлик бир дўст топмадим.

Бордир ўлимимни тилайдиганлар,
Ўлсам ёлғондакам йиғлайдиганлар.
Йўқ бошим беминнат силайдиганлар,
Гарчи лаъинларнинг пойин ўпмадим,
Хануз қиёматлик бир дўст топмадим.

Илондек ташловчи маним пўстим йўқ,
Шукрки рўзғорда кам-у кўстим йўқ.
Улфатларим кўп-у, битта дўстим йўқ,
Гарчи хеч кимсани, хеч вақт сотмадим,
Хануз қиёматлик бир дўст топмадим.

Худди отам янглиғ ғамим егувчи,
Акамдек ёнимда ёвим енгувчи.
Юр масжидга кетдик, иним дегувчи,
Дин-у диёнатлик бир дўст топмадим,
Хануз қиёматлик бир дуст топмадим.

Бўёлсайдим қаро дилларни оққа,
Кетгим келар мудом Фирдавс ёққа.
Арш султони бўлмиш Аллоҳдан бошқа,
Бахтга йўллайдиган бир дўст топмадим,
Хар дам қўллайдиган бир дўст топмадим.



«Topmadim»


Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]