Главная » Статьи » SHERLAR / YANGI SHERLAR » YANGI SHERLAR

УМР НЕГА ШИРИН

Хавотирли, шошилинч, ширин илк бўса,
Борлиғимни титратган лаҳза!
Кейин ундайини тополмадим, аммо
Ҳануз юрагимда яшар шу ларза.

Қайта кўролмадим етим ҳаётимда,
Сира унутмадим бир онни лекин:
Устозимнинг қаттиқ кўзларида
Ота меҳрин кўриб йиғладим секин...

Бир қушча чурқ этиб, олам уйғонганда
Шабнам қатрасида кўрдим юзингни.
Сўнг бир умр кутдим, қайтиб келмади,
Бир умр изладим шу зумни.

Шундай ноёб, олтин лаҳзаларнинг
Қадрин билмас экан одамлар.
Ўтиб кетар экан, такрорланмас экан
Умрда ягона бебаҳо дамлар.

Ўтиб кетмаса-чи? Бирдан тўхтаб бари
Музлаб қотиб қолса нима бўларди?
Йўғ-э, кимга керак музлаб қолган ҳислар!
Орзую пушаймон — бари ўларди...

Асли шундайлиги жуда оқилона,
Балки ҳаёт сири шунда яширин.
Балки такрорланмас бўлгани учун
Умр ҳам шунақа бебаҳо, ширин.
Категория: YANGI SHERLAR | Добавил: Админ (05 Апр 2018)
Просмотров:   | Комментарии: 0 | Теги: УМР НЕГА ШИРИН | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]