Главная » Yangiliklar » Адиз Ражабов “Санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши шарт”
Адиз Ражабов “Санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши шарт”

Адиз Ражабов “Санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши шарт”

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: Адиз Ражабов “Санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши шарт”
  • Дата релиза: 07-11-16, 16:41
Адиз Ражабов “Санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши шарт”
Сўнгги пайтларда кўплаб суратга олиш ишларида банд актёр Адиз Ражабов бугун “Қичқа ва лўнда” лойиҳамиз меҳмони. Қисқа саволлар орқали унинг феъл-атворини билишга ҳаракат қилдик...

Кутилаётган янгилик.
Айни кунларда Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари устида “Дийдор” театр студиясида ишлаяпмиз. Устозимиз режиссёр Баҳодир Йўлдошев бошчилигида бир қатор кино актёр ва актрисалари ўзимизни театр саҳнасида синаб кўряпмиз. Ижодкор доим янгиликка ўч бўлади. Бу спектакль устида ҳар куни ишлашимиз ҳам ўзимиз учун жуда мароқли бўляпти. Спектакль ноябрь ойларида премьера бўлиши режалаштирилган. Шунингдек, “Меҳмонхона”, “Саодат” каби миллий сериалларимизда ҳам бандман. Тез кунларда иштирокимдаги иккита янги фильмлар ҳам намойиш этилади. Хуллас, тинмасдан ишлаяпман.

Тушкунликка тушсам.
Депрессия барчада учраши мумкин бўлган бироз нохуш ҳолатлардан бири деб биламан. Бу айниқса ижод аҳлида кўпроқ учрайди. Тушкунликка кўп тушаман деёлмайману, аммо вақти-вақти билан ўзим истамаган ҳолда у мени жиловлаб олади. Бундай пайтларда биринчи ўринда шукр қилишга ҳаракат қиламан. Шу кунгача эришганларим кўз олдимдан ўтади. Бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин эди-ку, деган хаёлда бўламан. Кейин эса яқинларим билан кўпроқ мулоқотда бўлиб вақтимни мазмунли нарсаларга сарфлашга ҳаракат қиламан. Инсон бундай пайтларда позитив инсонлар билан гаплашишга ҳаракат қилса, ўзи ҳам улар сафига қўшилиб қолади. Яна бир гап — бундай пайтларда инсон фақат ўзига ўзи табиб бўлиши мумкин.

Спорт.
Болалигимда спортнинг миллий кураш тури билан профессионал шуғулланганман. Акам билан бокс машғулотларига ҳам борардик. Спорт билан банд бўлишни жуда яхши кўрардим. Аммо катта бўлиб, ишлар кўпайгач, бунга вақт ажратолмай қолганман. Ҳозир эса, кўпчилик қатори спорт залларида соғлом турмуш тарзини олиб боришга ҳаракат қиламан. Тош кўтариш, жисмоний машқлар инсонга ижобий таъсир қилишини ўзимда синовдан ўтказганман.

Мўъжиза.
Мен учун ҳаётимизнинг ўзи катта мўъжиза. Эрталаб кўзимизни очишимизнинг ўзи ҳам бунга мисол бўла олади. Агар инсон атрофидаги мўъжизаларни ҳис эта олса, менимча, меҳр-муҳаббат ҳам ўз-ўзидан кучайиб бораверади. Айнан шу туйғулар орқали ҳаётни ёрқин рангларда кўришга ўрганади.

Миш-мишлар.
Биласизми, шу кунгача ўзим ҳақимда ёмон миш-мишни эшитмаганман. Бу ҳам менинг омадим бўлса керак. Чунки бугун нафақат машҳурлар балки ҳамманинг ҳаётига доир миш-миш эшитишга ўрганиб қолганмиз. Шахсан ўзим уларга умуман бефарқ бўлишга ҳаракат қиламан. Ёлғон гапларни эшитиб кайфиятимни бузишдан йироқман.

Ёлғон.
Тўғри, ҳамма ҳам ёлғонни аниқлашга ҳаракат қилади. Аммо минг афсуски доим ҳам ёлғон гапни олдиндан сезиб бўлмайди. Шу ўринда ўзим ҳам доим ёлғонларни билиб ололмайман. Тўғри, алданганман ҳам. Жаҳлим чиқиши ҳам табиий. Лекин менга ёлғон гапиришга нимадир мажбур қилгандир, дея ўша инсоннинг вазиятини тушунишга ҳам ҳаракат қиламан.

Хафа қилсам.
Агар билиб-билмай кимнидир хафа қилсам, ўша заҳоти ундан узр сўрашга, вазиятни юмшатишга ҳаракат қиламан. Чунки кимнингдир дилини оғритсам, ўзим беҳузур бўламан.

Ёмон кўрган саволим...
Шахсий ҳаётим билан боғлиқ саволлар беришса, ёмон кўраман. Чунки оилам, ҳаётимга тегишли маълумотлар кимгадир фойда келтиради ёки мухлислар учун муҳим нарса, деб ўйламайман. Санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши шарт.

Алия СУЛАЙМАНОВА
Логин:
Пароль: