Главная » Yangiliklar » ЭҲСОН ҚУТИСИНИ ЎМАРАЁТГАНДА, ОНАНГИЗНИНГ ТЎКИЛАЖАК ҚОН КЎЗЁШЛАРИ....
ЭҲСОН ҚУТИСИНИ ЎМАРАЁТГАНДА, ОНАНГИЗНИНГ ТЎКИЛАЖАК ҚОН КЎЗЁШЛАРИ....

ЭҲСОН ҚУТИСИНИ ЎМАРАЁТГАНДА, ОНАНГИЗНИНГ ТЎКИЛАЖАК ҚОН КЎЗЁШЛАРИ....

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: ЭҲСОН ҚУТИСИНИ ЎМАРАЁТГАНДА, ОНАНГИЗНИНГ ТЎКИЛАЖАК ҚОН КЎЗЁШЛАРИ....
  • Дата релиза: 10-07-14, 01:00
ЭҲСОН ҚУТИСИНИ ЎМАРАЁТГАНДА, ОНАНГИЗНИНГ ТЎКИЛАЖАК ҚОН КЎЗЁШЛАРИ....

...Эҳсон қутилари ўғрилари ҳақида февралда илк бора мақола ёзиш осон бўлмаган. Шу қадар нафрат, шунчалик дил оғриғи борки, ёзиш учун қўл титрайди... Яратганнинг бандаси Унинг йўлидаги эҳсонга хиёнат қилса?! Э, воҳ?! Бир ғайридин шу ишга қўл урса, ҳа, билмагандир дея қўл силтаб қўйсанг. Ўзимизники ўзагимизни кесишга уринса-чи? Яна диндош, ватандош... Бегона эмас! 2013-йил сўнгги кунларида бир-икки масжид қутиларига қилинган ҳамла огоҳликка чақиргани билан, чорага етакламади. Январ, феврал... Эҳсон қутиларини ўғри урган масжидлар саноғи кўпайиб қолди. Овоза бошланди. Минг афсуски, ўғриларни эрта-индин қўлга тушиб қолиш хавотири чўчитмаган кўринади, разил ишга муккасидан кетишди. Эҳ, шайтон билан шатранж ўйинига тушишдимикан? Нафс қуллари ўз нафсини шу қадар ифлос йўл билан қондиришидан, нафснинг ўзи “ҳайрат”да бўлган бўлса, ажабмас?! Қорин ғамидами бу ишлар? Яримта нон билан тўяди-ку, ошқозон қурғур! Бирники бўлса ҳам майли, юзники, мингники-ку, у қутиларга эзгу ниятда солинган пуллар! Битта ҳалқумни йиртмасмикан?! Бундай разил ўғирликни қандай таскин билан кечиришнинг иложиси бор? Етти мучаси соғ, бир оиланинг қизини бахтли қилишга арзийдиган даражада вояга етган бу ёшлар қилмишларининг оқибатини ҳеч ўйлаб кўрмадимикан? Ота-оналарининг кўзлари қаерда эди? Ўғлининг қаерда юрганидан хабари йўқмикан ё хабардор бўлиб, индамайгина “мўмай даромад”га шерик бўлишди? Бу, не ҳол?

Оила ва маҳалланинг огоҳлиги қаерда қолди? Ўғри йигитлар оиласида ота-оналаридан иймон, поклик, ҳалол меҳнат, ҳалол пешона тери, виждон, эзгулик, хайрли ишлар ҳақида насиҳатлар ҳеч эшитмаганмикан, ё ? Фоизи-ку майли, шундай насиҳатларнинг “ҳеч”и ҳақида оғиз очилганида, ўғри йигитлар қабиҳ ишларини ҳеч бўлмаса бир-иккитасидан кейин тўхтатишган бўлишармиди? Фикри бузуқ ёшлардан 4-5таси бирикиб, жиноий гуруҳ тузиб, пойтахтнинг 52 масжидида эҳсон қутиларини ўмаришга “улгуришди”. Қанча тўқима воқеаларни кўтарадиган кинофильмлар ҳам ҳеч нима бўлмай қолди. Ўтган йили Рамазондаги бир воқеа эсингиздами? Масжидга ўғирлик мақсадида келган бир гуруҳ кимсалар омадсиз “операция”си давомида қоравул танасига оғир жароҳат етказиб ( айтишларича, қоравул бир неча ўтиб, вафот этган) унинг умрига зомин бўлишди. Ўғирликлар давомида қотиллик... Шундай жирканч воқеадан руҳланишдимикан, “янги” ўғрилар?! Энг даҳшати, уларнинг “сўнгги операция”си Рамазонга белгиланганлигини айтмайсизми? Бироқ, Яратган истамади! Қинғир ишнинг қийиғи узоққа бормади. Ушлашди! Соппа-соғ, отдек кучи бор йигитларнинг қуввати ўғирликдан бошқасига ярамаслигига ачиниш керак. Маънавий қиёфаси мажруҳ, қалби мажруҳ бундай кимсаларни ким ўзига куёв қилади? Шу онда эҳсон қутилари ўғриларига айтгинг келади: далада ер ҳайдаб, пешона теридан экин ундириб, ҳосил олаётган деҳқонларни кўрмаганмисиз? Балки, сизни пушти камаридан яратган отангизнинг меҳнатдан қабарган қўлларига ҳеч кўзингиз тушмагандир? Қўлингиз ўғирликка бораётганда, эрта бир кун қўлга тушиб, қамалиб қолсангиз, онангизнинг тупроқни лой қилиб қоражак кўзёшларини арта олмаслигингиз, маҳалла-куй олдида эгилиб қолган бўйни, шармандаликдан букчайган қаддини тиклай олмаслигингизни ҳеч ўйламадингизми? Аравачага михланган ярим танаси билан бировлар корига яраётган бутунлар олдида сиз кимга қиёс? Қилғилиқни қилдингиз, эртага фарзандингиз “эҳсон қутиси ўғрисининг боласи” тамғасини қандай кўтариб юриши ҳақидаги ўй ҳеч хаёлингизга келмадими? Тиланчилик қилишни ўзига эп кўрмай, кўча супураётган фаррошнинг қадри таъбир жоиз бўлса, сизнинг тириклигингиздан баландроқ! Сиз қилган қабиҳ ўғирлик олдида тўс-тўполон, қаллобликка тўла Ҳолливуд фильмлари ҳеч нима бўлмай қолди!

Исми сир қолишни истаган пойтахтимиздаги бир масжид ходимининг айтишига қараганда, ўғрилар 4 кишидан иборат бўлиб, ҳаммаси 19 ёшдаги болалар. Тошкент вилояти, Занги ота туманида доимий рўйхатда турган. Қўлга олинган “устаси фаранглар” 2013 йил сўнггидан ҳозирга қадар жами 52 та масжидда эҳсон қутиларидаги пулларни ўмарган!

-Сиз бир дин ходими сифатида эҳсон қутилари ўғриларига нима деган бўлардингиз?

-Буларнинг қўлга олинганини ва 52 та масжидда ўғрилик қилганини таровеҳ намозида ҳам айтишди. Бундай инсонларни ҳеч қачон кечирмаган бўлар эдим. Аллоҳнинг уйига қилинган ўғирлик ҳеч қачон кечирилмайди. Агар имкони бўлганида, масжид ходимлари ва қавмини уларга қаратиб, эшик олдига боғлаб қўйиб, юзига туфлатган бўлар эдим. Ўтган йил Рамазонда бир масжидда ҳам бошқа бир гуруҳ ўғрилар масжид қаровулини уриб, майиб қилгани ва у киши вафот этгани ҳамманинг ёдида.

Сўнгсўз ўрнида...

Эй, Аллоҳ! Қалбимиз, Иймонимиз Эгаси Ўзингсан! Сени танишга интилмаган қалблар зулматда қолиб, шайтоннинг истаган ишига бўйсунаверади! Бизни ҳеч қачон ўз ҳолимизга ташлаб қўйма! Ал-Вадуд - Ўзингсан. Шундай экан, қалбларимизга солиб қўйган Муҳаббатингни мустаҳамкам эт, Парвардигор! Сенга бўлган мустаҳкам Муҳаббат бу фоний дунёнинг ҳар қандай ёвузлик ва ёмонлигига қалқон бўлажак!

Жасур ҲАМРОЕВ

P/S: Эҳсон қутисига кўз олайтирган инсон қиёфасидагиларга оддий эслатма: Аллоҳнинг Ердаги уйлари – масжидларга ибодат, намозни адо этмоқлик учун келишади! Яратган ила қалбан боғланиш, руҳни поклаш, иймон лаззати орқали дилга хотиржамлик ҳадясини олиш умидида келишади...Майли, беришга қурбингиз етмас, етса ҳам, нафсингиз йўл бермас...Ҳеч бўлмаса, бошқалар эҳсонига мўраламанг!!! Ҳеч иложи бўлмаса, бир куни қора тупроқ тўйдирар қора кўзингизни масжидга бойлаб келинг. Сафларда тизилиб, Аллоҳ жамолини кўриш истагида чин ибодат қилиб, кўзёши саждага тўкилаётган қош-кўзи сизникига ўхшаш одамларни кўринг, Қуръон тиловати, олам-олам илтижони сиғдирган оппоқ дуоларга қулоқ тутинг... Балки, сўқир қалб кўзингиз Унинг инояти ила очилиб кетар?! Сизнинг ҳам ҳеч кимдан камингиз йўқ. Фақат, бош ва қалбдан ёт фикрларни, йиринглаган бадбўй ниятларни олиб ташланг! Рамазон муборак!!!

Логин:
Пароль: